«Белгазпромбанк»нинг собиқ раҳбари Виктор Бабарико Беларусь президентлигига номзод сифатида рўйхатга олинмаган. Бу ҳақда мамлакат Марказий сайлов комиссияси раиси Лидия Ермошина комиссия йиғилишида маълум қилди.

Фото: Reuters
9 август куни Беларусда президентлик сайлови бўлиб ўтади. Дунё коронавирус сабаб «ўзини уйга қамаган» вақтда ҳам карантин жорий қилмаган мамлакатда сайловнинг кечиктирилиши ҳақида табиийки ҳеч гап йўқ. Таҳлилчилар ҳар қандай ҳолатда Беларусда президентлик сайлови ўтказилишини айтишмоқда.

Беларусь президентлиги учун сайлов бу сафар анча шов-шувли ўтиши кутилмоқда. Интрига эса аллақачон бошланиб қолган: Лукашенконинг асосий рақиби бўлиши кутилган Виктор Бабарико қўлга олинган. Бугун маълум бўлдики, Марказий сайлов комиссияси «Белгазпромбанк»нинг собиқ раҳбари Бабарикони Беларусь президентлигига номзод сифатида рўйхатдан ўтказмади. Бу ҳақда сайлов МСК раиси Лидия Ермошина комиссия йиғилишида маълум қилган.

Комиссиянинг ушбу мажлиси ижтимоий тармоқлар орқали жонли тарзда ёритилди ва унда сўзлаган МСК раиси Бабариконинг номзоди рўйхатга олинмаганининг асосий сабаби сифатида унинг даромадлари тўғрисидаги декларацияда ноаниқликлар борлиги ҳамда унинг лойиҳаларида хорижий компаниялар ҳам иштирок этаётганини келтирган.

Шунингдек, номзодлардан яна бири Валерий Цепкалони ҳам рўйхатдан ўтказиш рад этилганди. МСК ушбу номзод биринчи босқичда амалга оширилиши лозим бўлган иш – ташаббус гуруҳининг 100 минг имзосини тўплай олмаганини маълум қилган.

МСК сайловда қатнашмаслиги учун босим бўлгани айтилган Светлана Тихановскаяни рўйхатга олган. У ҳам Лукашенконинг асосий рақибларидан бири ҳисобланади. Tut.by сайтига кўра, Тихановскаянинг ҳужжатларида камчилик топилган: у президентликка ўз номзодини қўйишни режалаштирган, аммо мол-мулки ҳақидаги декларациясида ҳибсга олинган эри Сергей Тихоновскийнинг Гомель областида уйи борлигини кўрсатмаган. Дарвоқе, Сергей Тихоновский ҳам президентлик сайловида ўз номзодини қўйганди, бироқ МСК фақат Светлана Тихоновскаяни номзодини рўйхатдан ўтказган.

МСК раисининг маълум қилишича, Бабарико доимий тарзда офшор ҳудудларда компаниялар очиб, сўнг ўша компанияларга яширинча маблағ ўтказиб келаётган уюшган жиноий гуруҳ тузган ва уни бошқарган. Унинг сўзларига кўра, Бабарико шу пайтгача камида 458 минг АҚШ долларини офшор ҳисобларга яширинча ўтказган. Бабарикога нисбатан келтирилган барча айбловлар «Белгразпромбанк иши» бўйича ҳибсга олинганларнинг тергов давомида берган кўрсатмаларига асослангани қайд этилган.

Ушбу мажлисда қатнашган Бабариконинг вакили ҳали унга қўйилаётган айбловлар исботланмагани ва сиёсатчи офшор компанияларни бошқараётгани ҳақидаги иддаолар реестрдан олинган кўчирмалар билан тасдиқланмаганини айтган.

Виктор Бабарико 18 июнь куни Беларусь давлат назорати молиявий текширув бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинганди. У 20 йил давомида «Белгазпромбанк»ни бошқариб келган ва президентлик пойгасида қатнашишга қарор қилиб, истеъфога чиққан. Шундан сўнг, кўп ўтмай «Белгазпромбанк»нинг бош офисида ва унга алоқадор бир қатор компанияларда давлат назорати молиявий текширув бўлими ходимлари томонидан тинтувлар ўтказилган ҳамда юқори лавозимли менежерлар ва ходимлар ҳибсга олинган.

Акцияларининг 99 фоизи Россиянинг «Газпром» компанияси қошида очилган «Газпромбанк»га тегишли бўлган ушбу банк менежер ва ходимлари пул ювиш ва солиқларни яширишда айбланган. Ҳибсга олинган менежерларга Беларусь жиноят кодексининг олтита моддаси, хусусан фирибгарлик, пора бериш ва пора олиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш орқали ўғирлик каби айбловлар қўйилган. Шундан сўнг, ушбу банкка Россиядаги эгаларининг розилигисиз Беларусь томонидан банк маъмурияти тайинланган. Беларусь давлат назорати раҳбари Иван Тертелнинг таъкидлашича, бундай ноқонуний ҳаракатлар ортида «Газпром» қўғирчоқлари ёки эҳтимол ундан ҳам юқорироқда ўтирган раҳбарлар турибди.

Ҳибсга олишдан аввал ҳам, ҳибсга олингандан кейин ҳам Минскдаги кузатувчилар Виктор Бабарико Лукашенкога энг жиддий рақиб бўлишини тахмин қилишаётганди.

«Белгазпромбанк» иши

Виктор Бабарико ҳибсга олингач, аввалига адвокатларга унга қўйилган айбловнинг моҳияти тўғрисида гапириш тақиқланди. Орадан икки ҳафта ўтгач, улар Бабарикога қўйилган айбловлардан тасодифан хабар топишган. Минск шаҳар судининг хабарномасида Бабариконинг иши бўйича эшитувлар ўтказилиши белгилангани хабари пайдо бўлади: собиқ банкирни катта миқдорда пул ювиш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва пора берганликда айблашмоқда.

Унинг ўғли Эдуард Бабарико ҳам катта миқдордаги солиқлардан бўйин товлашда айбланиб, отаси билан бир вақтда ҳибсга олинган. Иш бўйича ҳаммаси бўлиб 20 нафардан ортиқ киши қўлга олинган. Давлат назоратидаги Беларусь телевидениеси аллақачон Бабарико устидан бошланган тергов маълумотлари асосида учта «махсус кўрсатув» беришга улгурди. Ўша кўрсатувларда сўроқ пайтида олинган видеолардан фойдаланилган, ҳодисаларни кадр ортидан Беларусь махсус хизмат ходимлари шарҳлаб турган.

Виктор Бабариконинг адвокати Дмитрий Лаевский ўзининг фейсбукдаги саҳифасида шундай деди: «Фильм тайёр бўлдими, сўнг унга сценарий керак бўлмайди. Мен аниқ бир нарсани айта оламан: агар кимнидир айблаш учун далиллар етарли бўлса, унинг айбини исботлаш учун махсус фильм намойиш этишнинг ҳожати бўлмайди».

«Ҳукумат шунчалик кучсизки...»

Адвокатлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг таъкидлашича, ҳукумат айбсизлик презумпциясини бузмоқда. Матбуотга тергов материаллари билан танишиш имконияти берилмаяпти. Ҳибсдаги шахслар ўзларига нисбатан илгари сурилаётган айбловларга жавоб қайтара олмайди. Адвокатларнинг таъкидлашича, қонун дастлабки тергов материалларини ошкор қилишни тақиқлайди. Бабарикони эса суд айбдор деб топмасидан аввал айбдор деб эълон қилиб бўлишди.

Адвокатлар Виктор Бабарикога қарши эҳтиёт чорасини ўзгартиришни талаб қилиб, сайлов кампаниясида иштирок этиш имкониятини бериш учун унга нисбатан берилган хулосани шаҳарни тарк этмаслик талаби билан алмаштиришни талаб қилишди. Бабариконинг сайловолди бош штаби шошилинч матбуот анжумани ўтказишни мўлжалламоқда.

МСКнинг Бабарикони номзод сифатида рўйхатга олмаслик ҳақидаги қароридан сўнг собиқ банкир сайловолди бош штабининг вакили Мария Колеснокова «Ҳукумат шу қадар кучсизки, улар ҳатто панжара ортида ўтирган Бабарикога ҳам сайловда қатнашиш учун рухсат беришмади», деган. Бабариконинг сайловолди бош штаб адвокати Максим Знакнинг таъкидлашича, МСК қарори устидан судга шикоят қилинади.
Ushbu Xabar Haqida Do'stlaringizga Ham Xabar Bering!
Всего комментариев: 0
shahboz(23) сегодня отмечает День рождения
НАЗАД
ГЛАВНАЯ

Mobile version PDA | Copyright Design by Pro "S"
Design version 1.00


Мы в социальных сетях:


REKLAMA