Қирғизистонда биргина июль ойида Covid-19 билан касалланганлар сони тўрт ярим баробарга ошди, соғлиқни сақлаш тизими юкламани қабул қилишда қийнала бошлади, депутатлар таътилга кетишди, кўплаб инсонларда ваҳима бошланди.

Бишкекда тўққизта стационар очилди / REUTERS
BBC мухбири Наргиза Рисқулова касалликни бошдан кечирганлар ва яқинларини йўқотган айрим кишилар билан суҳбат қурган.

33 ёшли Гулнора ҳамкасблари билан бир ярим ойлик карантиндан қайтиб ишга чиққанидан ҳафта ўтмасдан Covid-19 юқтириб олди. Гулноранинг вазифаси шартномалар тузиш ва мижозлар билан музокаралар олиб боришдан иборат. Улардан бири коронавирусга тести мусбат чиққанини айтади.

«Биз шокда эдик, у асло йўталмаган, аксирмаган эди. Маълум бўлишича, у касалликни симптомсиз кечирган, — дея ҳикоя қилади Гулнора. — Ҳолбуки, офисимизда ниқоб ва қўлқопда юриш мажбурий эди, уларни ўз-ўзимиз қолганда ёки тушлик қилгандагина ечардик. Бу мижоз офисимизга тез-тез келиб турар, ҳаттоки бир неча бор биз билан тушлик ҳам қилган эди. Ундан юқтирган бўлишимиз эҳтимоли катта».

Қозоғистондаги вазият: шифохоналар тўлиб-тошган, дори-дармон танқис

Бишкекдаги масжидга киришда ҳарорат ўлчанмоқда / EPA
Гулнора Қирғизистонда Covid-19 бошланганидан тўрт ой ўтиб касалланди. Дастлабки уч зарарланиш март ойи бошларида Саудия Арабистонидан умрадан учиб келган зиёратчиларда аниқланганди. Ўшанда Covid-19’га қарши курашувчи республика штаби бу уч киши уй карантини қоидаларига риоя қилмасдан 150дан зиёд инсон билан алоқа қилгани, шу сабаб уларни яккалаб, тестдан ўтказиш кераклигини айтган эди.

Қирғизистон қўшнилари Қозоғистон ва Ўзбекистон каби март ойининг охирларида ҳаво чегараларини ёпиб, бутун мамлакат бўйлаб қатъий чекловларни жорий этди.

Мамлакатнинг уч йирик шаҳри Бишкек, Ўш ва Жалолободда, шунингдек, бир неча туманларда фавқулодда ҳолат режими ҳамда комендантлик соати жорий этилди. Маҳаллий аҳолига заруратсиз уйни тарк этмаслик тавсия этилди. Кўплаб корхоналарнинг ходимлари масофадан ишлашга ўтди, жамоат транспорти ва такси фаолияти тўхтатилди, мамлакатдаги барча ўқув даргоҳлари ва болалар боғчалари қарийб икки ойга ёпилди. Комендантлик соатини бузганлар ушланиб, жаримага тортилди.

Иқтисодий кризис

Бундай қатъий чоралар Қирғизистонга қимматга тушди: солиқ тушумлари ўн марталаб камайиб кетди. Бюджет тақчиллиги бешдан бир қисмини йўқотиб, мисли кўрилмаган 37 млрд сўмга етди (500 млн долларга яқин). Иқтисодиёт вазирлиги прогнозига кўра, йил якунларига кўра мамлакатни минтақадаги энг кескин ЯИМ тушиши кутмоқда — минус 5,3 фоизгача. Бунақа кризисни Қирғизистон фақат 1990-йилларда кўрган.

EPA
Май ойида карантин юмшатилгач, ССВ ўз ҳаракатларини муваффақиятли деб атади, чунки 6,5 миллион аҳолига 1002та касалланиш ҳолати қайд этилган, ўлимлар сони 12тани ташкил этарди. Касалланганларнинг кўпчилиги бошқа давлатлардан кириб келган эди, жумладан, Россиядан.

Қирғизистон чекловларни секин-аста, бир ой давомида юмшата бошлади: бирин-кетин иқтисодиётнинг барча соҳалари, жамоат транспорти ва бозорлар фаолиятига рухсат берилди. Ўшанда Covid-19’дан зарарланиш ҳолатлари 2 мингга чиқди.

Бироқ, июнь ойида — барча чеклов чоралари бекор қилингач, юқтирганлар сони геометрик прогрессия бўйича ўса бошлади: карантин чоғида кунига 25-80 нафар касал аниқланаётган эди, июнь ўрталаридан баъзи кунларда янги ҳолатлар сони 300дан 700га чиқди.

Айни кунларда бутун шаҳар бўйлаб «тез ёрдам» машиналарини сиреналари тинмаяпти, одамлар саросимага тушиб қолган.

«Мен ўтириб олиб йиғлардим»

ССВ томонидан Covid-19 юқтирганлар учун ажратилган 2 мингта ўрин етишмаслиги кундек равшан бўлгач, касалликни енгил ва ўртача енгил шаклда кечираётганларга врачлар уйда даволанишни тавсия эта бошлашди. Янги ўринлар бошқа касалхоналар ва корхоналарда очила бошлади.

AFP
Гулнора ҳам касалликни осонгина кечириш мумкин деб ўйларди. Дастлабки уч кун у ССВнинг «118» шошилинч рақамига қўнғироқ қилиб, Covid-19 юқтирган киши билан алоқада бўлганини хабар бермоқчи эди. Шу вақт ичида у ҳар эҳтимолга қарши хусусий лабораторияга таҳлил топширган.

«Менинг натижаларим манфий чиқди. Лекин икки кун ўтиб мазам қоча бошлади: иситмам кўтарилди, йўтал тутди, суякларим қақшаб оғрирди. Мен эса оддий шамоллашдек даволана бошладим, С витамини ва сув ичдим», — дейди Гулнора.

У участка врачи ҳузурига бора олмади. ССВ томонидан ташкил этилган мобил бригадалар ҳаммага ҳам қарашга улгуролмаётган эди. Тест топширганидан 5 кун ўтибгина лабораториядан қайта қўнғироқ қилиб, ундан Covid-19 топилганини айтишган.

«Менга кўп касаллардан таҳлил олингани туфайли адашиб кетишганини тушунтиришди ва менга нотўғри таҳлил жўнатишган экан, — деб эслайди Гулнора. — Уларнинг қўнғироғидан сўнг ваҳимага тушиб қолдим, мен бу хато натижа туфайли бир ҳафтадан бери бемалол ишга қатнаб юргандим, ҳаттоки дам олиш кунлари қариндошларимни ҳам зиёрат қилгандим. Мен яна жон ҳолатда «118»га қўнғироқ қила бошладим, улар эса юзинчи уринишимда гўшакни кўтариб, ҳеч нарсада ёрдам бера олмасликлари, «тез ёрдам»га қўнғироқ қилишим кераклигини айтишди. Эллигинчи мартада «тез ёрдам»га қўнғироқ қилиб тушдим, улар эса икки кунлардан сўнг навбатим келишини, шунда ҳам ёнимга бирровга келиб кетишлари, касалхонага ётқизиш ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмаслигини айтишди. Мен ҳеч қачон ўзимни бу қадар ёлғиз ва ташландиқ ҳис қилмагандим. Мен бир қўлимда телефон, иккинчисида Covid-19’га мусбат натижа билан ўтириб, йиғлардим».

Ўз-ўзини даволаш

Аввал Қирғизистонда коронавирусга тест топшириш фақат врач йўлланмаси билан, пациент касалланган инсон билан алоқада бўлган бўлсагина ўтказиларди. Бироқ, июндан бошлаб исталган киши хусусий лабораторияларда тест топшириши мумкин.



Фото: Reuters


Шундан бери қирғиз ижтимоий тармоқлари эълонлар тахтасига ўхшайди. Касаллар ва уларнинг қариндошлари интернетда ва дорихоналарда машҳур дориларни — оддий парацетамолдан тортиб, кислород концентратлари (атмосферадан кислород ажратиб олувчи аппарат) қидира бошлашди. Одамларнинг аксарияти ўзлари даволанишмоқда, айримлар Телеграмда онлайн маслаҳат бераётган кўнгилли врачларга мурожаат қилишган.

Гулнора ҳам таниш дўхтирдан телефон орқали тавсиялар олди, бироқ икки ҳафтадан сўнг унинг аҳволи янада оғирлашди. Шунда у хусусий клиникалардан бирига бориб ўпкасини рентгенга туширди. Маълум бўлишича, унда икки томонлама зотилжам ривожланиб, ўпканинг 30 фоизини зарарлаган. Нафас олишим соат ўтган сайин оғирлашаётгани бекорга эмаскан, дейди у.

Қирғизистонда касалланиш даражаси июль ойи бошида кескин кўпайди. Ўшанда республика штаби Covid-19’нинг вафот этганлар билан бир қаторда касалхонадан ташқари зотилжамдан ўлганлар сонини хабар қила бошлади. Июль ойининг дастлабки 13 кунида ўлганлар сони 372 нафарни ташкил этди, ҳолбуки расмий маълумотларга кўра мамлакат бўйлаб коронавирусдан ўлганларнинг жами сони 167 нафар бўлган.

Ўпкаси шамоллашидан вафот этганларда коронавирусга тест манфий чиққан. Бироқ ЖССТ вакили Майкл Райан яқинда минтақадаги бир неча давлатларда шундай тенденция кузатилаётгани, бундай ўлимларга сабаб нотўғри ташхисланган Covid-19 бўлиши мумкинлигини айтиб ўтган.

ЖССТ баёнотидан сўнг Қирғизистон ССВ касалхонадан ташқари зотилжам статистик ҳолатлари энди коронавирус кўриниши деб тан олиниши ҳақида эълон қилган.

Врачлар бетоб

Касалликнинг кескин авж олиши шароитида тиббиёт хизматчиларига айниқса қийин бўлмоқда. 12 минг касалдан ҳар олтинчи киши соғлиқни сақлаш соҳасида меҳнат қилади — бу икки минг киши дегани. Биргина 14 июль куни врачлар ва ҳамширалар ўртасида 105 нафар Covid-19 юқтирганлар аниқланган.

Бишкекдаги кундузги стационарлардан бирида. Фото: EPA
Тиббий хизматчилар интенсив тарзда ортиқча ишлаш, ёмон шароитлар ва индивидуал ҳимоя воситалари етишмаслигидан касаллана бошлашди. Воситалар инфекция тарқалишининг бошланишида ҳам фожиали тарзда етишмасди, натижада кўплаб врачлар касаллик таътилига чиқиб кетган эди.

Масалан, Covid-19 ва касалхонадан ташқари зотилжам ташхиси билан 450 киши ётган Бишкекдаги миллий госпиталда 145 врач даволанмоқда. Уларнинг орасида соғлиқни сақлаш вазири Собиржон Абдикаримов ва бош санитария врачи Нурболот Усенбоев ҳам бор.

Гулноранинг эса омади бор экан: Бишкекдаги юқумли касалликлар шифохонаси врачи билан қариндошларидан бири таниш экан, у нафас олишга қийнала бошлагач, шифохонага ётқизилди. Бироқ, шифохоналар тўлиб кетганидан, кўпчиликка ёрдам беришнинг имкони бўлмади. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, зотилжамга чалинган икки киши пойтахт шифохоналарининг остонасида жон берган.

Тўлиб кетган шифохоналар

27 ёшли Нуройим ва унинг 50 ёшли онаси шифохонага ётиш учун озмунча тер тўкишмади. Касалхонанинг абгор ҳолати ҳақида қиз Твиттерида ёзиб чиқди, унинг ҳикояси кенг муҳокама этилди.

«Бизни ниҳоят қабул қилишмоқда. Кузатувчисиз 5-қаватга бориб, исталган очиқ палатага кириб ётишимиз мумкин экан. Лифт оғир аҳволдаги касаллар ортилган аравалар билан банд. Иккита чамадон учун пастга тушиб, уни яна бешинчи қаватга олиб чиқяпман. Бир соатгина аввал очилган бўлимда аллақачон 30 бемор тўпланди», — деб ёзади Нуройим.

Нуройим бир врач икки ҳамшираси билан айримлари ўпкага сунъий нафас берувчи қурилмаларга, яна баъзилари кислород концентраторларига уланган 30 беморга қараётганини тасвирлаб берган. У оғир аҳволдаги етти беморга 5та нафас берувчи аппарат борлигини, бир неча киши кўз ўнгида ўлганини тасвирлаган.

Вазирлик 15 июлга келиб, соғлиқни сақлаш муассасаларида 220 дона сунъий нафас бериш аппаратлари етишмаслигини расман айтиб чиқди.

Пандемия бошланиши аввалида ССВ коронавирусга қарши курашиш учун махсус ҳисоб рақам очган эди. Унга донорлар, халқаро ташкилотлар, шунингдек оддий фуқаролар ҳам маблағ кўчириб беришган. Тўпланган 321,2 млн долларнинг катта қисмини (170 млн доллари) ҳукумат врачлар ва ўқитувчиларга маош ва пенсиялар тўлашга йўналтирди. Коронавирусга бевосита курашиш учун 2,2 млн доллар сарфланди. 148 миллиони эса ҳалигача ишлатилмай турибди. Қатъий карантин жорий этилган бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Қирғизистонда локдаун чоғида бирорта махсус шифохона қурилмади, врачлар махсус ўқитилмади.

Кундузги стационларлар

Касалланиш ҳолатлари кескин авж олиши қўшни Қозоғистон ва Ўзбекистонда ҳам кузатилмоқда. У ердаги ҳукуматлар оғирлашган эпидемиологик вазиятдан утфайли иккинчи карантинни жорий этишди, бироқ Қирғизистон президенти мамлакат яна бир бор ўз иқтисодиётини фалаж қила олмаслигини айтди.



Бишкекдаги кундузги стационар. Фото: «СООБЩА»


Бунинг ўрнига ҳукумат бир қатор чеклаш чораларини жорий этди, масалан, жамоат транспорти энди фақат тиғиз вақтларда ишлайди. Бу эса автобус ва йўналишли таксилар тўлиб кетишига сабаб бўлди.

1 июлда ҳукумат касалхонадаги ўринлар ҳам, ўпкага сунъий нафас бериш аппаратлари ҳам етишмаслигини тан олди ва касалхоналарга юкламаларни камайтириш мақсадида кундузги стационарлар очишга қарор қилди.

Бишкекдаги тўққизта турли объектларда, жумладан, спорт саройи, ҳаттоки собиқ нонвойхона биносида шундай марказлар очилди. Улар асосан укол олишга муҳтож беморларга мўлжалланган.

Каравотлар, ускуналар ва препаратлар учун бутун жаҳон бўйлаб пул йиғилди — қирғиз бизнесменлари ўз меҳмонхоналарини таклиф қилишди, ўпкага сунъий нафас юбориш қурилмаларига маблағ краудфандинг ёрдамида тўпланди. Беминнат ёрдам бериш учун волонтёрлар, ординаторлар, тиббиёт институти талабалари шошилишди.

«Икки кунда вирус бор будимдан айирди»

Гулнора шифохонага ётқизилишдан аввал бундай стационарда икки кун ётган. У буни қўрқинчли тушдек эслайди. Стационарга нафақат касалликни енгил кечираётганларни, ўлаётганларни ҳам келтиришарди, деб эслайди у.



Фото: EPA


«У ерга одам оқиб келиши тўхтамасди. Кимдир нафаси тиқилиб қолган қариндошини келтириб, кислородга улаб, ўзлари эса бутун шаҳар бўйлаб дори излаб кетарди. Кўзимнинг ўнгида шундай беморлардан бири нафас ололмасдан ўлди», — деб ҳикоя қилади Гулнора.

Стационарлар ишлашининг биринчи ҳафтасида у ерда етти киши ўлган. Улардан бири — медицина институтининг 21 ёшли талабаси Одиной Мурзабекова меҳмонхонада қилинган стационарнинг волонтёри эди. Ҳамкасбларининг айтишича, унга ўз вақтида ёрдам кўрсата олишмаган, чунки мобил шифохонада реанимация бўлмаган.

42 ёшли Светлана пандемия чоғида ҳам онасидан, ҳам отасидан ажраган. Аввалига касалхонада онаси вафот этган: инсультга чалинган аёлда касаллик жуда тез авж олган. Кейин кундузги стационарга элтаётган «тез ёрдам» машинасида отаси — уни ётқизишга ҳам улгуришмаган.

«Онам бир сутка ичида тамом бўлди. Уни дафн этганимиз ҳамоно отамга касал тегди, — дейди Светлана. — Мен чопа-чоп қилиб, касалхоналарга қўнғироқ қила бошладим, бирортасида жой йўқ эди. Отам оғирлашиб қолгач, «тез ёрдам» чақирдик, уни машинага ортиб касалхонама-касалхона 5 соат кездик. Кимдир кундузги стационарда ўпкага нафас берувчи қурилма бор деди, биз йўлга тушганимда отам нафас олмай қўйганди. Бир кунда коронавирус ҳамма яқинларимдан айирди».
Ushbu Xabar Haqida Do'stlaringizga Ham Xabar Bering!
Всего комментариев: 0
НАЗАД
ГЛАВНАЯ

Mobile version PDA | Copyright Design by Pro "S"
Design version 1.00


Мы в социальных сетях:


REKLAMA