7 июль куни Ўзбекистон ҳукумати ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 500 млн долларлик имтиёзли кредит бўйича битим имзоланди. Қарз маблағлари коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтиришга йўналтирилади.

Шу муносабат билан Осиё тараққиёт банки вице-президенти Шихин Чен бу борадаги қатор саволларга савоб берди. Бу ҳақда Kun.uz`га ОТБнинг Тошкентдаги ваколатхонаси хабар берди.

Маълумот учун, ОТБ апрель ойида пандемияга қарши чора-тадбирларни молиялаштириш учун 20 млрд доллар миқдоридаги молиявий ёрдам дастурини тасдиқлаган. Ушбу дастур ривожланаётган давлатларга COVID-19 пандемиясини жиловлаб, унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатишга ёрдам беради. Ўзбекистонга ажратилган 500 млн доллар қарз ҳам мазкур дастурнинг бир қисми саналади.

– Ўзбекистонга ушбу ёрдамнинг асосий йўналишлари ҳақида гапириб берсангиз.

– Асосий мақсад – Ўзбекистон ҳукуматига COVID-19 пандемиясининг нохуш тиббий, иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини ўз вақтида ва самарали юмшатиш учун бюджетни қўллаб-қувватлашда ёрдам кўрсатиш.

Мазкур дастур орқали Ўзбекистон ҳукуматига соғлиқни сақлаш тизимининг салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича инқирозга қарши чора-тадбирларини молиялаштириш, ишчи ўринларини иложи борича сақлаб қолиш учун бизнесни барқарорлаштириш ҳамда даромади паст оила ва аҳолининг заиф гуруҳларини қўллаб-қувватлаш учун амалдаги ижтимоий ҳимоя тизимини кенгайтиришда ёрдам кўрсатилади.

– ОТБ соғлиқни сақлаш соҳасини қандай қўллаб-қувватлаши ҳақида тўлиқроқ маълумот бера оласизми?

– ОТБ кўрсатадиган ёрдам туфайли ҳукумат COVID-19га қарши кураш учун қўшимча шифохона, ташхис-лаборатория ва карантин хоналарини тайёрлашга эришади. Шунингдек, тиббиёт буюмлари, ўпкани сунъий вентиляция қилиш, тест ўтказиш ҳамда тегишли ўлчамдаги ва аёл тиббиёт ходимлари учун шахсий ҳимоя воситаларини сотиб олиш бўйича ёрдам ҳам кўзда тутилган.

Ҳукумат режасига хатарли шароитларда ҳамда COVID-19дан жабрланганлар билан ишлагани учун қўшимча тўлов сифатида соғлиқни сақлаш ходимларнинг иш ҳақига устамалар тўлаш ҳам киради.

– Ижтимоий ҳимоя соҳасида жиддий қийинчиликлар юз бермоқда. ОТБ мазкур масалани ҳал қилиш бўйича ҳукуматга қандай кўмак кўрсатиши ҳақида тўхталсангиз.

– Ижтимоий ҳимоя – пандемияга қарши кураш жараёнида мураккаб вазифа. Жаҳон банкининг тахминларига кўра, пандемия сабабли юзага келган ишсизлик туфайли Ўзбекистонда яна 448 000 киши қашшоқликка учрайди. Жорий йилда пул ўтказмаларнинг 40 фоизга қисқариши мамлакатдаги қашшоқликни янада оширади. Саломатлик билан боғлиқ хатарлар ҳам аҳолининг қашшоқланишига олиб келади.

ОТБнинг ёрдами туфайли даромади паст оила ва аҳолининг заиф гуруҳлари учун ҳукуматнинг ижтимоий ҳимоя тизими қўллаб-қувватланади ҳамда мазкур чораларни кенгайтиришга эришилади.

Даромади паст яна 250 000та оилага ижтимоий ёрдам ва ҳукуматдан болаларни парваришлаш учун моддий ёрдам кўрсатилади. Бу ҳолда ёрдам биринчи навбатда ёлғиз она, ажрашган аёл ва беваларга кўрсатилади.

2020 йилда Ўзбекистонда ижтимоий ёрдам оладиган оилалар сони 843 000ни ташкил қилиши кутиляпти. Бу эса аҳолиси 33,9 млн кишини ташкил қиладиган давлат учун сезиларли қамров.

Бундан ташқари, 100 фоиз ўрта ойлик иш ҳақини қоплайдиган вақтинчалик ишсизлик бўйича нафақалар карантинда бўлган ота-она ва фарзандларини парвариш қилаётган шахсларга берилди. Ҳукумат 1,04 миллион нафар мактаб ўқитувчиларига иш ҳақини тўлашда давом этди. Бу ўқитувчиларнинг 70%ни аёллар ташкил қилади.

– ОТБнинг ёрдами туфайли Ўзбекистонда ишсизлик даражасанинг пасайиши ва янги иш ўринларини ташкил қилинишига қандай эришилади?

– Пандемиянинг салбий таъсири сабабли, ишсизлик Ўзбекистонда жиддий муаммога айланди. 2019 йилда 9,4 фоизга тенг бўлган ишсизлик даражаси жорий йилда 16,5 фоизга ўсиши тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистоннинг ўсиб келаётган ва диверсификацияланган иқтисодиётининг негизини ташкил қилаётган кичик ва ўрта корхоналар 2019 йилда мамлакатдаги расмий ва норасмий иш ўринларининг 78 фоизини ва ишлаб чиқаришдаги умумий улушнинг 57 фоизини таъминлаган.

ОТБнинг ёрдами туфайли иқтисодиётни барқарорлаштириш бўйича ҳукумат томонидан кўриладиган молиявий чоралар қўллаб-қувватланиб келмоқда. Солиқ юкини камайтириш, пандемияга дуч келган КЎК (кичик ва ўрта корхоналар) томонидан солиқ ва қарзларни тўлаш бўйича тўлов муддатларини кечиктириш, кредит кафолатларини бериш учун тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси учун қўшимча сармоя, биринчи навбатда даромади паст оила аъзолари учун иш ўринларини яратиш бўйича ҳудудлар кесимида катта бўлмаган жамоат ишлари шулар жумласидан.

Банклар ҳам айланма сармояни тўлдиришда ёрдам бериш учун КЎКга кредит линияларини кенгайтирди.

– КЎК (кичик ва ўрта корхоналар) ҳақида айтиб ўтдингиз. ОТБ томонидан хусусий тармоқ, шу жумладан КЎКларга кўрсатилаётган ёрдам ҳақида маълумот берсангиз.

– ОТБ Ўзбекистонда хусусий тармоқнинг ривожланишини хамиша қўллаб-қувватламоқда. ОТБ мамлакатдаги ишбилармонлик иқлими яхшиланишига гувоҳ бўлмоқда. Сўнгги ўн йиллик давомида сезиларли муваффақиятларга эришилди. Бизнес юритишнинг осонлиги бўйича мамлакат рейтинги 2010 йилда 183 давлат орасида 150-ўриндан 2020 йилда 190 давлат орасида 69-ўрингача кўтарилди.

Шунингдек, бизнес очиш йўл-йўриқлари ва солиқ тўлашни соддалаштириш, миллий озчиликни ташкил қилувчи инвесторларни ҳимоя қилиш ва шартномаларни бажаришда ўсишга эришилгани эътироф этилди.

Бундан ташқари, КЎКларни қўллаб-қувватлашда ОТБнинг иштироки ҳақида айтиб ўтиш жоиз. ОТБ томонидан тақдим қилинган бир нечта лойиҳа туфайли КЎКларнинг молия маблағларидан фойдаланишига осонлик яратилди ҳамда банкларнинг кредит хатарлари бўйича ва корпоратив бошқарувдаги салоҳияти таъминланди. Ҳозирги вақтда КЎКлар учун меъёрий, муассаса ва молиявий экотизимни мустаҳкамлаш бўйича янги дастур устида ишлар олиб боряпмиз.

Хусусий соҳа олдида турган яна бир муҳим чақириқ – малакали ишчи кучининг етишмовчилиги. ОТБ ҳукумат билан ходимларни тайёрлашда ва уларнинг малакали кўникмаларини ривожлантириш устида ишлар олиб борди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда касбий-техникавий ўқитиш муассасаларини мустаҳкамлаш ҳамда бозор талабларига биноан улардаги ўқув дастурлари бўйича янги лойиҳани ишлаб чиқиш арафасидамиз.

Эслатиб ўтамиз, 500 млн доллар миқдоридаги қарз маблағлари 15 йил муддатга (шундан 3 йил имтиёзли давр), либор (6 ойлик, бугунги кунда – 0,4%) + спред (0,5%) йиллик фоиз ставкасида ажратилмоқда.
Ushbu Xabar Haqida Do'stlaringizga Ham Xabar Bering!
Всего комментариев: 0
shahboz(23) сегодня отмечает День рождения
НАЗАД
ГЛАВНАЯ

Mobile version PDA | Copyright Design by Pro "S"
Design version 1.00


Мы в социальных сетях:


REKLAMA