Оксфорд университети ўзи ишлаб чиқаётган ChAdOx1 nCoV-19 вакцинасининг иммун реакцияси чақираётганини хабар қилди. Британия ҳукумати яна бир нечта вакцина вариантлари етказиб берилиши бўйича шартномалар имзолади. Бу вақтда Францияда ниқоб кийиш мажбурий бўлди, Дональд Трамп эса Covid-19 ўз-ўзидан йўқолиб кетишига аввалгидек ишонмоқда.

Фото: OXFORD UNIVERSITY
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, пандемия бошлангандан бери 14,5 миллиондан ортиқ одам коронавирусни юқтирган, 611 мингдан ортиқ киши вафот этган.

Оксфорд вакцинаси
Оксфорд университети AstraZeneca компанияси билан биргаликда ChAdOx1 номи остида ишлаб чиқаётган вакцинаси ҳеч бўлмаганда қисман самарали эканлиги тўғрисида баёнот берди.

ChAdOx1 nCoV-19 вакцинаси мисли кўрилмаган тезликда ишлаб чиқилмоқда. Унинг асоси шимпанзеларда одатий шамоллашни келтириб чиқарадиган вирусдир. Бу генетик жиҳатдан шундай ўзгартирилганки, организм уни 19-nCoV вируси учун қабул қилади.

1077 киши иштирок этган клиник тадқиқотлар натижасида вакцина танада коронавирусга антитаналар ишлаб чиқарилишига туртки бўлиши тасдиқланди, дейилади баёнотда.

Иммун тизими нуқтайи назаридан вакцина Covid-19 вирусига ўхшайди, шунинг учун ҳам эмланган одам танаси вакцина таркибидаги вирус хавфсиз бўлганига қарамай антитаналар ишлаб чиқаришни бошлайди.

Британия ҳукумати ҳозиргача юз миллион дозадаги вакцинага буюртма бериб бўлган. Унга Россиянинг ҳам қизиқиши ортмоқда. Икки кун аввал «Р-фарм» рус компанияси агар ишланма муваффақиятли бўлса, унинг Россия бозори ва бошқа кўплаб давлатларга етказилиб берилиши учун ишлаб чиқаришнинг бир қисмини ўз зиммасига олиши ҳақида эълон қилганди.

Оксфорд вакцинасидан ташқари, ҳукумат умид боғланган яна бошқа турдаги вакциналарнинг 90 миллион дозаси етказиб берилиши учун BioNtech, Pfizer ва Velneva каби компаниялар билан шартнома имзолаган.

Гап икки препарат ҳақида кетмоқда. Вируснинг генетик код парчасидан фойдаланилган вакцинани ишлаб чиқаётган BioNtech ва Pfizer альянси 30 миллион дозага буюртма олган, деактив вирусга асосланган вакцина устида ишлаётган Valneva'га яна 60 миллион доза буюртма берилган.

Британия ҳукумати турли принциплар асосида ишлайдиган вакциналарга сармоя киритиб муваффақият эҳтимолини оширишга ҳаракат қилмоқда.

«Истиқболли вариантларнинг кўплиги шуни кўрсатадики, тадқиқотлар мисли кўрилмаган тезликда олиб борилмоқда», деди коронавирусга қарши эмлаш бўйича давлат ишчи гуруҳининг раиси Кейт Бингэм шартномалар имзоланишини шарҳлаш жараёнида. У шунингдек дастурларга жуда катта умид боғламасликка чақирди.

«Гап шундаки, биз ҳеч қачон вакцинага эришмаслигимиз, ёки эришсак ҳам у шикастланишнинг олдини оладиган бўлмаслиги ва фақат симптомлар кучини пасайтирадиган бўлиб чиқиши мумкин», дея қўшимча қилди у.

Бингэмнинг сўзларига кўра, вакциналардан бири 2020 йил охиригача синовдан ўтказилиши мумкин, аммо бу ҳолатда ҳам британияликларнинг кенг миқёсда эмланишини кейингача кутиш ярамайди Таълим вазири Гэвин Уильямсон душанба куни BBC'га берган интервьюсида илк эмлашлар 2021 йил аввалида бошланиши мумкинлигини айтди.

Францияда ниқоб кийиш мажбурий этиб белгиланди

Франция ҳукумати мамлакатнинг барча фуқароларини ёпиқ биноларда ниқоб кийишга мажбурламоқда.

Жамоат транспортида ниқоб кийиш зарурлиги аввалдан амалда эди, эндиликда душанба кунидан бошлаб Франция бўйлаб барча жамоат жойларига, масалан, дўконга кириш учун ҳам ниқобда бўлиш талаб этилади. Қоидани бузганларга 135 евро жарима солинади.

Франция Covid-19'нинг маҳаллий ўчоқларига қарши курашни давом эттирмоқда. Соғлиқни сақлаш вазири Оливье Вераннинг сўзларига кўра, бугунги кунда мамлакатда бундай ўчоқлар сони 500га яқин.

Июнь ойида Франция президенти Эммануэль Макрон коронавирус устидан «биринчи ғалабани» эълон қилди ва мамлакатдаги фавқулодда ҳолатни бекор қилди.

Мамлакат шимоли-ғарбий ва шарқий вилоятларида вирусни юқтирганлар сони ўсишда давом этмоқда.

Франция - Европадаги пандемиядан энг кўп зарар кўрган давлатлардан биридир. Пандемия бошлангандан бери у ерда 200 мингта шикастланиш ва 30 мингдан ортиқ ўлим қайд этилган.

Дональд Трамп: коронавирус ўзи йўқолади
АҚШ президенти Дональд Трамп душанба куни, худди аввал ҳам таъкидлаганидек, коронавирус вақт ўтиши билан йўқолишини таъкидлади.

«Охир-оқибат, мен ҳақ бўлиб чиқаман. Биласизми, мен у йўқ бўлиб кетишини айтгандим. Ва яна айтаман, вирус йўқолади. Ва мен ҳақ бўлиб чиқаман», - деди Трамп. АҚШ президенти вирус йўқ бўлиб кетиши ҳақида биринчи марта февраль ойида гапириб, Covid-19 апрелгача «мўъжизавий равишда» тугаб битишини айтганди. Бироқ, бу содир бўлмади.

Олимларнинг фикрига зид бўлган баёнотлари уни обрўсизлантирадими, деган саволга, Трамп «Йўқ, чунки мен ҳақман» деб жавоб берди.

«Биласизми, нега бу мени обрўсизлантирмайди? Чунки мен, афтидан, ҳаммадан кўп ҳақ бўлиб чиқаман», деди президент АҚШда мактабларни очишга яна бир марта даъват қилаётиб.

У мамлакатдаги кунлик шикастланиш ҳолатлари юқорилигича қолаётганига изоҳ бериб, буни тест олиш ҳажми ҳам кўпайгани билан боғлади. У шунингдек, мамлакатнинг бош эпидемиологи Энтони Фаучини танқид қилди.

«Доктор Фаучи менга ниқоб тақмаслигимни айтди. У Хитойга [сайёҳларнинг кириши ва Хитойдан товарларни олиб келинишига] тақиқ қўймасликни айтди. Доктор Фаучи бир қатор хатоларга йўл қўйди, у озгина ваҳимачи, бунинг даҳшатли жойи йўқ», деди Трамп.

АҚШда вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони ўсишда давом этмоқда. Ўтган ҳафтада кунлик янги шикастланишлар сони 70 мингга етди, сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда жами ҳолатлар сони 4 миллионга яқинлашмоқда, 143 мингдан ортиқ киши касаллик қурбонига айланган.
Ushbu Xabar Haqida Do'stlaringizga Ham Xabar Bering!
Всего комментариев: 0
shahboz(23) сегодня отмечает День рождения
НАЗАД
ГЛАВНАЯ

Mobile version PDA | Copyright Design by Pro "S"
Design version 1.00


Мы в социальных сетях:


REKLAMA