Маҳаллий ОАВлардан бирида 65 мамлакатнинг олимпиадага бойкот эълон қилгани позитив руҳда шундай ифодаланганди: «Олимпиадада 80та давлат қатнашади ва фақат 65 давлат уни ўтказиб юборади».

Фото: gazeta.ru
1980 йилги ёзги олимпиада ўйинлари Москвада ўтганди. Бу мусобақа кўпчиликнинг наздида тарихдаги энг зўр ёпилиш маросими бўлиб ёдда қолган. Бундан роппа-роса 40 йил аввал, 1980 йил 19 июлда бошланган мусобақа рамзи бўлган айиқчанинг ёпилиш маросимида осмонга учиб кетиши чиндан жуда таъсирли бўлган ва томошабинларнинг кўпчилиги кўзига ёш олган. Аммо бугун Москва-80 ҳақидаги бошқа воқеани ёдга оламиз.

1974 йил Халқаро олимпия қўмитаси ўзининг 75-сессиясини Австрия пойтахти Вена шаҳрида ўтказади. Сессия ишида бир қатор муҳим мавзулар муҳокамаси қаторида 1980 йилда ўтказиладиган олимпиада ўйинлари мезбони масаласи ҳам кўриб чиқилади. Ўшанда иккита номзод шаҳар бир-бири билан жиддий рақобатлашади: Москва ва Лос-Анжелес. Шу ерда ҳам «дунёнинг икки қутби» ўртасида рақобат бўлади. Овоз бериш жараёнида Москвада 39та, Лос-Анжелес эса 20та овоз олади ва шу тариқа Москва 1980 йилда олимпиада ўйинлари мезбонлигини қўлга киритади.

1974 йилда халқаро майдонда СССРнинг обрўси анча яхшиланган, мамлакат сиёсати «Ғарбдан душман ясашни» бирмунча камайтирган ва ҳатто АҚШ билан дўстона алоқаларга ўрнатилганди. Москванинг кўп овоз олиб, 1980 йилги олимпия ўйинларини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритишида шу омил муҳим роль ўйнаган бўлса ҳам ажаб эмас.

Ўша кезларда ёзги олимпиада ўйинларини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритиш СССР учун жуда муҳим эди. Биринчидан, ёзги олимпиада ўйинлари XIX аср охиридан буён ўтказилиб келинаётган бўлса-да, ўша пайтгача СССР ёки Россия империяси ҳудудида бирорта олимпиада бўлиб ўтмаган эди. Бундан ташқари, ўша пайтгача социалистик мамлакатларнинг бирортасида олимпиада ўйинлари ўтказилмаган ва унинг капиталистик дунё билан олиб бораётган рақобатларини инобатга олсак, Москванинг олимпиада ўйинларини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритгани социалистлар учун ҳам жуда аҳамиятли эди.

Фото: Yandex.ru
СССР раҳбарияти 1980 йилда бўлиб ўтадиган мусобақани Москвада ўтишининг аҳамиятини яхши тушуниб турган эди. Шу учун ушбу нуфузли мусобақани кўнгилдагидай ўтказиш учун СССР пойтахтида кенг кўламли катта қурилиш ишлари бошлаб юборилади. Жумладан, бу мусобақа учун Москвада жами 78та турли меҳмонхоналар ва спорт иншоотлари янгидан қурилади. Бундан ташқари яна кўплаб спорт иншоотлари, йўллар, меҳмонхоналар таъмирланади. СССР раҳбарияти Москва олимпиадасини ўтказиш учун жуда катта кўламдаги ишларни бажаради, ҳатто КГБ қошида Москва олимпиадасида хавфсизликни таъминлаш учун 11-махсус бўлинма ҳам тузилади.

Шунча тайёргарликка қарамай, Москва олимпиадасини барибир тинч ва тўлақонли ўтказишнинг иложи бўлмайди. Бу олимпиадада дунёнинг салкам ярми, спорт энг ривожланган давлатлар вакиллари қатнашмади. Сабаб – сиёсат.

1978 йил Афғонистонда Савр инқилоби амалга оширилади ва мамлакатда қуролли тўқнашувлар бошланиб кетади. СССР раҳбарияти 1979 йил декабрь ойида Афғонистонда ўрнатилган социалистик тузумни ҳимоя қилиш учун бу мамлакатга ўз қўшинларини киритади. Гарчи бу иш Афғонистон ҳукуматининг сўрови ва рухсати билан амалга оширилган бўлса-да, дунё ҳамжамияти уни босқинчилик деб баҳолайди. Шундан сўнг, кўплаб халқаро ташкилотлар, турли давлатлар СССРнинг Афғонистонга бостириб киришини қоралаб чиқади ва ундан қўшинларини дарҳол олиб чиқишини талаб қилади. СССР эса Афғонистонда урушни давом эттираверади.

Ғарб давлатлари СССРга турли чоралар билан таъсир қилишга уринади ва иқтисодий санкциялар жорий қилинади. Кейинроқ дунёнинг кўплаб мамлакатлари АҚШ бошчилигида Москвада бўлиб ўтадиган олимпиада ўйинларига ўз спортчиларини жўнатмаслигини айтиб, мусобақага бойкот эълон қилишади.

1980 йил январь ойида АҚШ президенти Жимми Картер СССР раҳбарияти олдига талаб қўяди. Картер СССР 1980 йил 20 февралгача Афғонистондан ўз ҳарбийларини олиб чиқмаса, дунё ҳамжамияти Москва олимпиадасига бойкот эълон қилишини айтади. Совет раҳбарияти АҚШ президентининг бу шартига Совет ҳарбийлари Афғонистонга ушбу давлат раҳбариятининг таклифи билан кирганини ва у ерда душманлар енгилмагунча қўшинлар чиқарилмаслигини маълум қилади.

Фото: Спорт-Экспресс
Шундан сўнг Жимми Картер дунё давлатларини оммавий тарзда Москва олимпиадасига бойкот қилишга чақиради ва буни жаҳоннинг кўплаб давлатлари қўллаб-қувватлайди (АҚШнинг таклифини қўлламай ҳам кўришсин-чи).

Ўша пайтда Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари бўлиб турган лорд Майкл Моррис Килланин турли йиғинларда дунё давлатларига мурожаат қилиб сиёсатни катта спортга аралаштирмасликни сўраб бир неча марта чиқишлар қилади. Аммо Москва олимпиадасини бойкот қилишга қарор қилган давлатлар вакиллари унинг чақириқларига «Спорт тинчлик элчиси ҳисобланади. Бошқа бир давлат ҳудудига бостириб кирган давлат қанақа қилиб тинчлик элчиси ҳисобланадиган спорт мусобақасини ўтказиши мумкин?», мазмунида эътироз билдиради.

1980 йил 12 апрель куни АҚШ олимпия қўмитаси президент Картернинг Москва олимпиадасига бойкот қилиш ҳақидаги қарорини қўллаб қувватлайди. Кейинчалик президент Картер ўз хотираларида Москва олимпиадасини бойкот қилиш ҳақидаги қарор фаолияти давомида қабул қилган энг қийин ва энг оғриқли қарор бўлгани ҳақида ёзган эди.

АҚШ давлат департаменти қошида тузилган Москва олимпиадасини бойкот қилиш штаби бошлиғи Нельсон Ледски «Ўша пайтда АҚШда СССРнинг Афғонистонга бостириб кирганига жиддийроқ қаршилик қилиш имконияти бўлмаган. Шу учун ҳам Оқ уй кичик имкониятдан бўлса ҳам фойдаланиш учун бир неча мамлакатлар билан маслаҳатлашиб, Москва олимпиадасига бойкот эълон қилишга қарор қилганди. Бойкотнинг асосий ташаббускорлари Буюк Британия, Канада ва АҚШ бўлган. Бу уч мамлакат Москва олимпиадасини бойкот қилиш ҳақида 1980 йил январь ойида ўзаро келишиб олади», деган эди.

Ледскининг қўшимча қилишича, «Сеҳрли диёр»нинг Москва олимпиадасини бойкот қилишини АҚШдаги барча спортчилар ҳам бирдай қабул қилмаган ва ўз ҳукуматидан бу бойкотни бекор қилишни сўраганлар ҳам бўлган.

Картернинг бойкот ҳақидаги қарорини ўшанда дунёнинг ярми, қарийб 100га яқин давлат қўллаб-қувватлайди. Москва олимпиадасини бойкот қилишни қўллаб-қувватлаган давлатларнинг айримларида спортчилар ўз ҳукуматидан спортга сиёсатни алмаштирмасликни сўрашади. Баъзилари эса ўз ҳукумати Москва олимпиадасини бойкот қилса ҳам, бу мусобақада иштирок этишини билдиради.

Ўшанда жами 14 мамлакат спортчилари ўз ҳукуматининг бойкотига қарамасдан Москва олимпиадасида ўз мамлакати номидан эмас, балки олимпия байроғи остида қатнашишини билдиради. Яна бир қатор давлатлар олимпиада бошланишидан аввал фикрини ўзгартиради ва Москвага ўз спортчиларини жўнатади.

Москва олимпиадасига ўз спортчиларини жўнатмаган 65та мамлакат орасида АҚШ, Канада, Туркия, Корея республикаси, Япония, ГФР каби спорти ривожланган мамлакатлар бор эди. Буюк Британия, Австралия, Андорра, Дания, Пуэрто-Рико ва Ирландия ҳукуматлари ўз спортчиларига ўз мамлакати байроғисиз қатнашишга рухсат беришади. Умуман олганда Москваа олимпиадасида бор йўғи 80та мамлакат вакиллари қатнашади.

Энг қизиғи бу мусобақани бойкот қилганлар орасида социалистик лагер вакили Хитой ҳам бор эди. Хитойнинг мусобақани бойкот қилиш сабаби ҳам сиёсий эди: 1977 йил Мао Цзэдун вафотидан сўнг мамлакат тепасига келган янги раҳбарлар тугал социализм билан мамлакатни ривожлантириб бўлмаслигини тушуниб етади ва социализмнинг хусусий мулкни инкор қилиши, аҳолига капитал йиғиш эркинлигини чеклаши каби унсурларидан воз кечиб, Ғарб мамлакатлари билан илиқ муносабатлар ўрната бошлаганди. Бу эса расмий Пекиннинг расмий Москва билан алоқаларини бироз совуқлашишига сабаб бўлганди. Шунингдек, ўша пайтда Хитой СССРнинг Афғонистонга бостириб киришига ҳам қарши бўлган.

Социалистлардан яна бири Руминиянинг Москва олимпиадасига бойкот қилиши кўпчилик учун кутилмаган ҳолат бўлди. Бу мамлакат раҳбари Николае Чаушеску ҳам негадир румин спортчиларини Москва олимпиадасига боришига қарши бўлади.

Олимпиадани бойкот қилган мамлакатлар Москва олимпиадаси бошланишидан уч кун олдин АҚШнинг Филадельфия шаҳрида Olympic Boycott Games номи остида халқаро мусобақа ташкил этади. Унда Москва олимпиадасини бойкот қилган давлатлардан 29тасининг вакиллари қатнашади.

Москва олимпиадасининг тантанали очилиш маросими 1980 йил 19 июлда Ленин номидаги стадионда (бугунги Лужники) бўлиб ўтади. Унда Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари лорд Майкл Моррис Килланин билан бирга КПСС Марказий қўмитаси биринчи котиби Леонид Брежнев қатнашади. Мусобақалар 15 кун давом этади ва 1980 йил 3 август куни тантанали равишда ёпилиш маросими ўтказилади.

Ўхшамаган қасос

1980 йилда ўтказиладиган олимпия ўйинларини Москвага ютқазиб қўйган Лос-Анжелес ортга чекинмайди ва 1984 йилда олимпия ўйинларини ўтказиш ҳуқуқини иккинчи уринишда қўлга киритади. Шундан сўнг Совет Иттифоқи раҳбарияти Москва-1980 олимпиадасидаги бойкот учун АҚШдан қасос олишни режа қилади ва Лос-Анжелес олимпидасига СССР спортчилари бормаслигини маълум қилади. Ўша пайтда социалистик давлатлардан 15га яқинини, бундан ташқари дунёдаги кўплаб давлатларни ўз таъсир доирасида ушлаб турган СССР Лос-Анжелес олимпиадасини бойкот қилишда муваффақиятсизликка дуч келади. Лос-Анжелес олимпиадасига саноқли давлатлар, аниқроғи 13та давлат СССРнинг «юз хотири» учун бойкот қилади.

Социалистик давлатлар Хитой, Югославия ва Руминия СССРни ўйлаб ўтирмайди ва Лос-Анжелес олимпиадасида қатнашади. Таққослаш учун Москва олимпиадасида 80 давлат қатнашган ва уни 65 давлат бойкот қилган бўлса, Лос-Анжелес олимпиадасида 140 давлат қатнашади.

Олимпиада ўйинларидаги бойкотлар тарихи

Олимпиада ўйинлари тарихидаги бойкотлар илк марта 1956 йилда ўтказилган Мельбурн олимпиадасида содир бўлади. Австралиядаги йирик шаҳарда ўтказилган олимпиадани Миср, Ливан ва Камбоджа давлатлари Сувайш канали теграсида Исроиль билан содир бўлган қуролли можаро туфайли бойкот қилади. Нидерландия, Испания ва Швейцария СССРнинг Венгрияга бостириб кирганига норозилик сифатида Мельбурн олимпиадасини бойкот қилади. Хитой эса бу мусобақага Тайванни ҳам таклиф этишгани учун ҳудудий даъволар туфайли бойкот қилади.

Навбатдаги бойкот 1964 йилда ўтказилган Токио олимпиадасида содир бўлади. Индонезия, Шимолий Корея ва Жанубий Африка Республикаси ХОҚнинг сиёсий санкцияларга аралашгани туфайли Токио олимпиадасига бойкот эълон қилишади.

1976 йилда олимпиада ўйинлари Канаданинг Монреаль шаҳрида ўтказилади. Бу олимпиадани Африка қитъасидаги 26 давлат бойкот қилади. Ўша пайтда қора танли аҳолини камситгани учун ЖАР давлати барча халқаро спорт мусобақаларидан четлатилган эди. Регби бўйича Янги Зеландия миллий жамоаси халқаро тақиққа қарамай, ЖАР миллий жамоаси билан ўзаро ўйин ўтказади. Халқаро тақиқни бузган Янги Зеландия спортчилари ХОҚ томонидан олимпиада ўйинларидан четлатилмагани учун Африканинг 26 давлати Монреаль олимпиадасида иштирок этишдан бош тортади. Лос-Анжелес олимпиадасининг бойкот қилиниши олимпиада тарихидаги жиддий бойкотларнинг сўнггиси бўлди. Москва олимпиадасидаги бойкот эса Олимпиада ўйинлари тарихидаги энг кенг кўламдагиси бўлиб қолди.
Ushbu Xabar Haqida Do'stlaringizga Ham Xabar Bering!
Всего комментариев: 0
НАЗАД
ГЛАВНАЯ

Mobile version PDA | Copyright Design by Pro "S"
Design version 1.00


Мы в социальных сетях:


REKLAMA