MOBIL VERSIA
Главная » Статьи » Sevgi olami

Cевгига қарам қизлар: ақлдан бегона бўлманг!
Кимнидир севиб қолган қизни кўрсанг,
беихтиёр ўзингнинг севиб-севилиб юрган чоғинг
ёдингга тушади. Туйғуларнинг энг асилига асир
бўлиб яшаш ҳам бахт, ҳам азоб. Бугун мен
қизлар кундалигига ёзаётганим мавзу ниҳоятда
нозик ва муҳим гаплардан иборат. Севги билан
ҳазиллашиб бўлмайди, уни севмай туриб тилга
олиш, ўйламай туриб фикр билдириш ҳам мушкул..
Севги нима у?

Қизларжон, «Бизни ҳеч ким тушунмайди, ахир
бир-биримизни севамиз» деб бошқаларни
инкор этишга шошилманг. Ҳамма ҳам сизнинг
ёшингизни босиб ўтган, сиз ўйлаган хаёлларни
бошидан, туйғуларни кўнглидан ўтказган. Бугун
кундалигимни варақлаб, ўн саккиз ёшимда
«Севги нима?» деган саволга қандай жавоб
берганимни топдим: «Севги ҳам ҳурмат, ҳам
қатъий ишонч, ҳам тан ҳарорати, ҳам дил
оташи, ҳа м кўзлар ёлқини, ҳам тиллар
титроғи, ҳам юрак тепкиси, вужудни
парчаловчи кучли бир интилиш, садоқат-ла
тиллашиш, ўзингни кимгадир эга ва яна ўша
кимгадир тобе каби ҳис қилиш, асов отдек
бўйсунмас «Мен»ни назокат-ла тутқазиш,
ундан ҳеч нарса талаб қилмай туриб, ўзингни
қарздор ҳис қилиш, унинг хаёли, унинг ҳаёти
билан яшамоқ ва бундан ўзни ҳар қачонгидан
бахтли ҳис этмоқ.... Раҳмат, раҳмат, севишни
ўргатганинг учун...» Бугун бу фикрларнинг
баъзиларига қўшиламан, баъзиларига эса йўқ.
Аммо ўша пайтдаги ҳиссиётларим ўз даври
учун ҳақиқат эканлигини тан оламан. Яна
эслайманки, агар мен севган одамимга
турмушга чиқмасам ҳам бутун умрга етгулик
илҳом ва ижод манбаим — севгим ўзим билан
қолишини аниқ тасаввур қилардим, бундан
хотиржам тортардим. Мен қизлар турмушга
чиқмагунча севмаслиги, биров билан
гаплашмаслиги керак, деган фикрга бироз
қаршиман. Бу — ҳаёт, унда кўзни, қулоқни,
кўнгилни беркитиб яшаб бўлмайди. Оқ-қорани
ажратишни, ким билан қандай мулоқот қилиш
кераклигини ҳам қачондир ўрганиш лозим. Ўзи
ўйлаб топган севгисини деб ота-онасини
«Шунга тегмасам, ўзимни ўлдираман, дори
ичаман, қочиб кетаман, томир кесаман»
тахлитда қўрқитиб, турмушга чиқадиган
қизларнинг икки ой ўтмай ажрашиб келганини
кўрсам, муҳаббатнинг номини сотиб, нархини
пасайтирди, умрини эса вақтинчалик
ҳисларига хазон қилди, дегим келади.
Севилиш — бахт, аммо унинг чиндан
севилишми ёки бошқа нарсами аниқлай олиш
ҳам маҳорат. Севиш — бахт, бироқ унинг
давомли бўлишига кўзинг етмаса, ўз
туйғуларингни бошқаролмасанг, ичингдагини
ичингда асрай олмасанг, ҳали ўзинг ҳам
ишончинг комил бўлмаган ишққа ҳаммани
ишонтиришга уринсанг ва кейин қўлтиғингдан
тарвузинг тушиб, ҳаммаси барҳам топса, бу
муваққат бахтинг сенга фақат азоб келтиради.
Интернетдаги кимса учун сирка ичган қиз
Бугун севишганларга қараб, севги ҳам техноген
ўзгаришларга учрадими, деган фикр келади
хаёлга. Чатда танишасан, телефонда
билишасан, кўрмай туриб ҳам севги изҳорини
«смс»да юборасан, ижтимоий тармоқда
онлайн тарзда аҳди паймон қиласан, афсуски,
совчиларни ҳам виртуал жўнатишнинг имкони
йўқ. Иш шу ерга етганда баъзиларнинг кўзи
очилади, баъзилар эса экрандаги мубҳам
севгини деб кўз ёшини тўкади. Қизларжон,
севиб қолиш ва севилиш аслида
интернетдагичалик осон эмас. Сизнинг ҳисоб
рақамингизга икки марта пул ташлагани унинг
сизга қурбонлик қилишга қодир эканлигидан
далолат бермайди. Ёки сизни ҳали кўрмасдан
«Севгимиз учун курашайлик, у билан
гаплашма, бу билан учрашма» деб тақиқлар
қўйгани учун ундан «пири комил» ясаб
олишингиз тўғри эмас.

«Шошилинч тез ёрдам» шифохонасига сирка
ичган ўн саккиз ёш қизни келтиришди.
Қизгинанинг ҳолига қараб бўлмасди. Ота-онаси
эса нима бўлганига ҳайрон. Отаси шўрлик дод
солиб йиғлайди: «Бир оғиз гапим:
телефонингни синдириб ташлайман, уйга
келганда ишлатма, деганим бўлди. Шу гапга
ўзини ўлдирмоқчи бўладими? Қизимни асраб
қолинглар!» деб ўзини ҳар ёққа ура бошлади.
Кейин маълум бўлишича, икки йилдан бери
интернетда "севишиб” юрган йигити уйланиб,
ўзининг тўй суратларини унга жўнатибди.

Қизнинг ҳаёти сақлаб қолинди, аммо ички
аъзоларига шикаст етган, овоз пайларида
ўзгариш бўлган, лабларига қадар шишиб
кетган оппоққина қизнинг юрагидан қачондир
севги чандиқлари ариса ҳам, жисмидаги
ўзгаришлар унга ҳар вақт ўз аҳмоқлигини
эслатиб туради...

Руҳшунос фикри: — Иродаси суст одамга
интернет худди тамаки, нос, алкогол,
гиёҳванд моддалар каби таъсир ўтказишга,
ўзига ўргатиб қўйишга қодир. Агар интернетга
боғлаб турган обьектлар йўқолиб қолса,
кишининг ҳаётидан мазмун йўқолгандек ўзини
қаерга қўйишни билмайди. То унга етишгунча
ёки ўша объектнинг ўрни бошқаси билан
тўлгунича турли номаъқулчиликлар қилиб
қўйишгача бориши мумкин. Хуморнинг ўрни
босилгунча бўлган хуружни севгининг азоби
деб ўйласангиз адашасиз.

Истироҳат боғларидаги севишганларми ёки
уятсизлар?
Тан олиш керак, севиб қолган одамда отнинг
калласидек юрак бўлади. Шунинг учун ҳам
кўчада қўл ушлашиб кетаётган йигит-қизга
қараб, «Уйидагилар кўриб қолишидан
қўрқмасмикин?» деган фикр келади.
Болангизни истироҳат боғига олиб борсангиз,
ҳар бир дарахт ортида "пичирлашиб” турган
"севишганлар”га халақит берганингиздан уялиб
кетасиз. Тана майлини деб ақл ва руҳ
майлини, покиза қизлик шаънини ўлдиришни
севги деб ўйласангиз, ҳисларингиз учун ўз
ихтиёрингизни йигитга топширсангиз, бутун
умрга, қиёматга татигулик катта хато қилган
бўласиз! Кўпинча йигити томонидан ташлаб
кетилган қизлар ўзининг қизиқарлилик,
сирлилигини йўқотган, унинг ҳамма
айтганларига кўнган бўладилар. Эркак киши
неча ёшда бўлмасин, унда забт этиш,
ўзлаштиришга бўлган мойиллик бўлади.
Ўзидан бир қадам нарида ушлаб туриш учун
қиз болада ақл уйғоқ бўлиши шарт, иймон
дилида туриши шарт!

Қариндошимнинг тўйига атаб истироҳат боғида
«севги тарихи»ни суратга оляпмиз. Тасвирчи,
келин-куёв, куёв жўра, янга ва яна бошқалар
ҳам бор. Кутилмаганда бир йигит пайдо бўлиб,
тасвирчи билан уришиб кетди. Йигит
тасвирчининг қўлидаги камерасини маҳкам
ушлаб олган, «Кассетангни бер», дейди.
Тасвирчи эса: «Рўза кунлари паркда қилиб
ўтирган ишингни қара! Камерамдан қўлингни
торт»» деб бақиради. Икковини куёв жўралар
зўрға ажратиб олишди. Фокусни тўғирлаётган
тасвирчи панада ўтирган «севишганлар»ни
суратга олаётгандек тутган ўзини. Йигит буни
кўриб қолгач, ўчиришни талаб қиляпти. «Ҳеч
нарсани суратга олмадик, ҳазиллашдик», деб
йигитни бир амаллаб жўнатиб юборишди.

Бироқ монтаж жараёнида шу бемаъни
кадрларга барибир кўзим тушди. Тасвирчининг
иши тарбиясизлик, енгилтакликдан бошқа
нарса эмас, бироқ кадрдаги коллеж ўқувчиси
ёшидаги қизнинг ўзидан анча ёш катта йигит
билан қилаётган қилғилиги кўнглингизни
ағдариб юборади. «Биз бир-биримизни
севамиз, унаштирилганмиз» деб яланғоч
ҳолатини оқлашга уринаётган ўзбек қизи
иштирокида қанчадан қанча видеотасвирлар
қўл телефонларида тарқалиб кетган. Ўша
ҳолат покиза севгими? Қиз ва йигитни оқлаб
бўладими? Ёдингизда бўлсин, севги тананинг
қутқуси эмас!

Руҳшунос фикри: — Эътибор берганмисиз,
турмуш қургандан кейин ёш келин-куёвлар,
ҳатто бир-бирлари билан қўл ушлашга уялиб
қоладилар. Билингки, инсоннинг ердаги
ҳислари осмоний ҳисларидан устун
бўлолмайди, чунки тананинг интилиши бир
неча дақиқа, қалбнинг интилиши эса бутун
умрлик бўлиши мумкин. Инсон тана лаззати
учун қалб ва руҳ эркинлигини бошқаларнинг
қўлига тутқазиб қўйиши ҳеч гап эмас. Ўз
севган қизидан яқинроқ бўлишни талаб
қилаётган йигитни кузатсангиз, унда ҳамма
ҳислар вақтинчалик. Агар қиз тизгинни
топширса, ярим йил, бир йил унинг этагига
эргашишга тайёр. Аммо давомига имкон
йўқлиги боис, унда объектни ўзгартириш
эҳтимоли ошаверади.

Биз севгининг турлари ҳақида руҳшунослар
таснифини эътиборингизга ҳавола этамиз:
Эрос — жисмоний қизиқиш. Муносабатлар
тезлик билан кейинги босқичга ўтаверади.
Бир-бирига қалбан эмас, жисман боғлиқлиги
учун ҳам бир-биридан қўрқади, самимий
севгини ҳеч қачон ҳис қилолмайди.
Людус — бу севги кўпроқ ўйинга ўхшайди.
Севишганларнинг бири муносабатларни
жиддий қабул қилмаслиги натижасида келиб
чиқади. Севишганлар бир-бирини кўп ҳафа
қилади, кераксиз вазиятларда ҳам уришиш
учун баҳона топаверади. Людус бир нечтаси
билан бир вақтда севишаверадиганлар учун
ташхис. Чуқур ва давомли севги ҳақида гап
бўлиши мумкин эмас.

Сторге — сокин қалбнинг севгиси. Бунда
эҳтирос ҳам, севги ҳам аста-секинлик билан
уйғонади. Умумий қизиқишлар асосида
дўстлик юзага келади. Улар кўп жиҳатлар
бўйича ўзаро мос келиши керак: ташқи
кўриниш, ижтимоий, моддий мавқе,
дунёқараш ва бошқалар. Бунда инсон исталган
пайт севгани уни қўллаб-қувватлашини, ёнида
туришини аниқ билади.

Прагма — прагматик севги, ҳаётий ва табиий
муносабатлар. Одатда буни "ҳисобли
муҳаббат” деб аташади. Прагматик
севишганлар бир-бирларидан нимани
истаётганликларни яхши билишади ва
билдиришади. Шарт қўйиб, бу шартларга
бирма-бир амал қилиш кераклигини қоидага
айлантиришади. Кўпинча бадавлат ва
келишган эркаклар ёш аёлнинг муҳаббатини
шу тахлит "сотиб оладилар”. Уларнинг шиори
"сизда угина, биздан бугина”!

Маниа — ўта ҳиссиётли муҳаббат, худди
америка тоғи аттракционига чиқишга ўхшайди.
Бақирасан, қичқирасан, пастга тушганингда
ҳеч нима бўлгандек давом этасан. Бироқ ўта
таъсирчан ва тезда берилувчан одамлар
ҳамроҳига буткул боғланиб қоладилар, вақти
келганда уни тинч қўйиш кераклигини
истамайдилар. "Мен сенсиз яшолмайман!”
дейдилар-у унинг учун ҳеч нарса
қилмайдилар.

Агапе — людуснинг тамомила тескариси. Бу
қурбонлик муҳаббати. Бундай севишганлар
ўзлари ҳақида эмас, севгани ҳақида кўпроқ
ўйлаб, ғамхўрлик қиладилар. Агапеда руҳий
интилиш жисмоний интилишдан кўра
кучлироқ. Муносабатларда миннат йўқ,
манфаат бўлмайди.

Булар бир инсоннинг ҳаётида аралаш-қуралаш
ҳолда ҳам учрайверади, зеро севги кимёси
ҳаммада ўзига хос усулда ўзи томонидан
тайёрланади. Муҳими, муҳаббатнинг кўзи кўр,
деб ақлдан бегона бўлмай севишни ҳам
ўрганиш лозим.
Категория: Sevgi olami | Добавил: Isroil (24 Дек 2018)
Просмотров: 46 | Теги: қарам, бўлманг!, қизлар:, ақлдан, Бегона, Cевгига | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0