РОССИЯДА ПОЛИЦИЯ БОШЛИҒИНИНГ ОИЛАСИНИ ВАҲШИЁНА ТАРЗДА ЎЛДИРИБ КЕТИШДИ
25.04.2016, 13:10 | |
24 апрелга ўтар кечаси Россиянинг Сизрань шаҳри яқинида жойлашган Ивашевка қишлоғида полиция полковнигининг оиласи жиноятчилар қўлида ҳалок бўлди. Қотиллар ҳатто болани ҳам аяшмаган, деб хабар берди “Vesti.ru” нашри. Сизрань полицияси собиқ бошлиғи Андрей Гоштнинг Ивашевка қишлоғида яшовчи ота-онасининг, оила аъзоларининг ваҳшийларча ўлдирилганлиги ҳақидаги хабар бутун қишлоқ аҳлини ларзага солди. Бундай даҳшатли қотилликни ким амалга оширганини аниқлаш учун тергов ишлари олиб борилмоқда. Қўшниларнинг айтишича, уйда тунгги учгача чироқ ёниб турган. Кейин нима бўлгани номаълум. Оммавий қотиллик содир этилган уй атрофида бошқа уй йўқ, фақатгина чала қурилган, ҳеч ким яшамайдиган бинолар мавжуд. Бирорта одам қотилликка гувоҳ бўлмаган. Жиноятчилар ўзларидан бирор из қолдирмаган, эшик қулфи ва деворлари бус-бутун. Кириш эшиги тепасига кузатув камераси ўрнатилган, аммо у қотилнинг кириб келганини ёзган-ёзмаганлиги ҳам ҳали номаълум. Эрталабдан уйда терговчилар иш олиб бормоқда. Жасадлар экспертизага олиб кетилган. Собиқ полиция бошлиғининг ота-онаси бу қишлоққа кўчиб келганига бор-йўғи бир ярим йил бўлган. Улар ҳеч ким билан мулоқотда бўлмаган. Андрей Гоштнинг ўзи бундан 9 ой муқаддам вилоят ички ишлар бошқармаси штаб бошлиғи ўринбосари лавозимига кўтарилиб кетган. Бунгача 2 йил мобайнида Сизрань полицияси бошлиғи лавозимида хизмат қилган ва туманда ноқонуний алкоголь ҳамда савдо тизимидаги ноқонуний ишларга қарши кескин чоралар кўрган инсон сифатида ном қозонган. Тунгги ҳужум пайтида қотиллар полициячининг ота-онасини, учта қариндошини совуққонлик билан ваҳшийларча қатл этишган. 7 ёшли қизчага ҳам жиддий шикаст етказишган, у кома ҳолатида касалхонага ётқизилган. Мазкур қотиллик юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Россия бош тергов бошқармасига берилган. Бу даҳшатли қотилликни ким амалга оширган, ким буюртма қилган деган саволларга жавоб топиш учун тезкор-тергов ишлари олиб борилмоқда. Қотиллар воқеа жойига портловчи қурилманинг ясама нусхасини ташлаб кетишган. Уйга кириш учун хонадон эгасининг итини заҳарлаб ўлдиришган. Улар қотилликни амалга ошириш учун пухта тайёрланишган. | |
| |
Просмотров: 1148 | |
Всего комментариев: 0 | |