Қачонлардир одамларнинг ўзга сайёраларда яшашини тасаввур қилиш фақатгина фантаст-ёзувчиларга хос эди, бироқ бугунги кунда бу - Қизил Сайёрага илк парвозни амалга оширишга жиддий тайёргарлик кўраётган SpaceX ва NASA каби космик ташкилотлар ходимлари мажбуриятига киради. Бунинг учун мутахассислар сайёра ва унинг атмосфераси, об-ҳаво ва шарт-шароитлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишлари керак бўлади. Newatlas.com'да Марс сайёрасида яшаш учун тайёрланаётган уйлар прототипи суратлари тақдим этилди. National Geographic Гринвич Қироллик расадхонаси олимлари ва ёзувчи-журналист Стивен Петранек билан ҳамкорликда Марсдаги уйлар прототипи кўргазмасини ташкиллаштиришди. Кўргазма доирасида Марсга чиққан сайёҳлар яшайдиган уйлар прототипи намойиш этилди.