Кўпинча биз атрофимиздаги инсонларга ёқиш, уларнинг кўнглидагидек бўлиш учун ҳаракат қиламиз. Юриш-туриш, гапириш, ҳаттоки, кийиниш ва бошқа-бошқа ҳолатларда бировларнинг фикрига қараб, иш қилиш ҳаммасидан осон, қулайроқдек туюлади. Лекин унутманг, ўзгалар йўриғига юрган ҳолда бахтга эришиш мушкул. Бошқаларнинг муҳокамасидан қочиш эвазига нималарни йўқотаётганингиз ҳақида ҳам ўйлаб кўринг... Аминмизки, актёрлик қилмай яшаш сизга қулай бўлиши, шубҳасиз!
Парда ортига нимани яширмоқчисиз?
Сизни нима ўзингиздан уялишга мажбур қилади? Ўзгаларнинг кўзидан ниманидир яширишни истаган ҳолатдагина инсон қобиққа ўралиб олади. Парда ортида қолишни хоҳлаган нарсангиз нима эканлигини аниқлаб, ўша мавзуда очиқ гапиришга ўзингизни руҳан тайёрланг! Єандай бўлсангиз, оммага ўзингизни ана шундай кўрсатишга ўрганинг. Ҳаётда актёрлик қилишга одатланганлардан одамлар ўзини олиб қочишини ёдда тутинг. Статистикага кўра, ташқи кўриниши ва турмушида муаммоси бор инсон атрофдагилар билан ўзини қийнаётган мавзуда нолиганидан кўра, ҳазил-мутойиба билан суҳбатлашиш йўлини танласа, тингловчилари ва ёрдам қўлини чўзувчилари кўп бўлар экан.
Фаҳрланишингизга арзийдиган 4 бойлигингиз!
Исм, насаб, касб ва оилангизга нисабатан, албатта, фахр туйғусини туйинг! Агар исмингиз Єалампиргул Хўрозова бўлса эди, паспортингизни алмаштиринг деган бўлардик... Айтишга ҳам уяладиган касбнинг эгаси бўлсангиз, унда ишингизни ўзгартиринг! Агар бу икки ҳолатга ўхшаш вазият сизга бегона бўлса, бас! Ўзингиз билан фахрланинг! Инсоннинг камчилиги бўлса, бу оддий ҳол. Лекин эртаю кеч фақат ана шу камчилик ҳақида ўйлаб, уни тўғирламаслик, бу — хато!
Бир кун ғолиб, иккинчи кун эса мағлуб...
Омадимиз келиб, самода парвоз қилсак, бу фараҳбахш онлар яна узоқ давом этишига чин дилдан ишонамиз. Бироқ фурсат келиб, пастлашга мажбур бўламиз. Ана шу вақтда кўпинча ўзимизга бўлган ишончимиз пасайиб, дадиллик ўрнини қатъиятсизлик эгаллайди. Чунки юқори чўққиларни забт этиб, атрофдагилар эътиборини қозонгач, мағлуб сифатида намоён бўлишдан уяламиз. Тушкунлик ва таназзул тараққиётнинг ажралмас бўлаги саналгани сабаб, уларни очиқ юз билан қабул қилишга тайёр бўлиш керак! Масалан, «Тўғри, мен ҳозир ишсизман. Лекин қўлимдан ҳамма иш келади! Бу вазиятни ўзгартиришни уддалайман ва бунга жуда оз қолди!»
Шошма-шошарлик
Ўта шошқалоқлик, оила, рўзғор ташвишлари, келинлик ва рафиқалик хизмати, камига ишдаги муаммоларни бир вақтнинг ўзида уддалашга интилиш маълум маънода аёлнинг ўзлигини унутишга мажбур қилади. Чунки шошган одам қарашлари ва одатларини четга суриб қўйишига тўғри келади. Адоғи кўринмайдиган марафонда шошиб югурар экансиз, баъзан ўзингизга тин беришни унутманг. Тўхтанг ва ортга ўгирилинг! Рўзғор ташвишлари қачон тугаган? Ёки ишдаги ҳисобот қанчалик шошманг, барибир ҳар ойнинг сўнгида бажарилган. Шунинг учун бир маромда бўлишга ҳаракат қилинг! Єанчалик шошма-шошарлик қилсангиз, шу қадар қобиққа ўралиб кетаверасиз. Масалан, ҳаётий муҳим масала юзасидан «Ҳозир қарор қабул қилишингиз шарт! Хўш, «ҳа» ёки «йўқ»?!» деб саволни кўндаланг қўйишганида, зудлик билан жавоб берган инсон кўп ҳолларда ички дунёсига тўғри келмайдиган вариантни танлар экан. Турмушда ҳам худди шундай, шошиб бажарилган иш кўнгилдагидек натижа бермайди.
Ҳаётий вазиятлар
Ўйлаб кўринг, қайси ҳолатларда юзингизга «ниқоб» тақиб олишни жудаям истаб қоласиз? Жавоб топишга киришганингиздан сўнг кўп ўтмай, қайси одамлар, жойлар ва ҳолатларда «роль» ўйнаётганингизни аниқлаб оласиз. Энди эса ўзлигингизни унутишга мажбурлаётган бу «омил»лар қаршисида бироз бўшашишга, ўралган қобиғингиздан чиқишга ўзингизга изн беринг. Негаки, руҳий ҳолатингизни сиздан бошқаси ўзгартиролмайди. Сизга босим ўтказишганида, зўриқмасликка одатланинг.
Луғатингиз соддароқ бўлсин
Расмий оҳанг ва тилда сўзлашмаган маъқул. Фикрларингизни ифодалашда соддароқ бўлинг! Мураккаб сўзлаш доноликнинг белгиси бўлмайди, аксинча тушуниш учун нутқни соддалаштириш ақллиларнинг иши. Оддий мисол: қайнонангиз билан суҳбатда уч қават жимжимадор сўзларга ўралган гапингиздан кўра самимий бир оғиз сўзингиз меҳрнинг яна бир карра ошишига сабаб бўлади.
Тинглашни ўрганинг!
Бас, етар! Бугундан бошлаб атрофдагиларда яхши таассурот қолдириш учун тинмай гапириш одатингизни «тинглаш ва тушуниш» мақсади билан алмаштиринг. «Тушуниш» мажбурияти сизни кўп ҳам ташвишга ва асаблар таранглашиш ҳолатига солмасин. Суҳбатдошингиз дунёқарашингизга қарши нуқтаи-назарда бўлса, «тушуниш, бу — фикр ёки қарашга тўлиқ қўшилиш, уни тасдиқлаш дегани эмас»лигини унутманг. Ана шунда ўзлигингизни яна бир карра йўқолишидан асраган бўласиз.
Савол беришга уялманг!
Оламда ва атрофимиздаги инсонларнинг ҳаётида рўй бераётган воқеалар билан қизиқиш, руҳшуносларнинг таъкидлашича, самимийликнинг белгиларидан бири саналар экан. Демак, ўзлигингизни излаш жараёнида экансиз, сиз ҳам суҳбат давомида кўпроқ савол беришдан чўчиманг. Ҳамсуҳбатингиз гапираётган мавзу сизга тушунарсиз бўлса, аниқлик киритишга ийманиб ўтирмасликни маслаҳат берамиз. Бирорта гапни англамай, ўзини тушунгандек кўрсатгандан кўра, гапнинг моҳиятини англашга ҳаракат қилаётганингизни билдирган яхши эмасми?
Ўзингизни борингизча севинг!
Сўзда эмас, балки амалда бу ишни қила оласизми? Яқинларингизга қандай меҳрибон бўлсангиз, ўзингизга ҳам ана шундай эътибор беринг. Албатта, бошланишига бу жараён бироз қийин кечиши мумкин. Ўзингизга бўлган муҳаббатни ҳаммага ошкор этишингиз шарт эмас. Упа-элик, атир, рўмолча ва гул каби кичик совғаларни севимли ўзингизга ҳадя қилишга одатланинг. Бўй баробар кўзгу қаршисида туриб, ўзингизни қоматингиз ва юзингиз борича гўзал эканлигини баланд овозда айтинг.
Кўзга қараб, сўзлаш асло ҳурматсизлик эмас!
Таниш ёки нотаниш, катта ёки кичик бўлсин одамларнинг кўзига қараб сўзлашни ўрганинг. Табиатан инсонда ким унга узоқ тикилиб турган бўлса, ўшанинг фикрига қўшилиш ва бўйсуниш ҳислати мавжуд экан. Бу маълумотни суистеъмол қилмасликни маслаҳат берган бўлардик, негаки одамлар билан суҳбатингиз худди икки боксчининг рингдаги учрашувига ўхшаб қолиши ҳеч гап эмас. Лекин бир фикр тугатилмагунга қадар кўзни олиб қочмасликка ҳаракат қилинг.
Самимий бўлиш учун машқ!
Бир қанча маслаҳатларни ўқиб чиқдингиз, ана энди айтинг-чи, нима учун борингизча кўриниш сизга мушкул? Чунки сиз ҳар доим ўзгаларга ёқишни истайсиз! Сиз бошқаларнинг фикри асирига айланиб қолмадингизми? Бу асирликдан чиқиб кетиш учун руҳшунослар томонидан ишлаб чиқилган бир қанча машқлар бор. Улардан энг самаралиси — одамлар сиз ҳақингизда фикр билдиришлари учун атайин бирор нарса ёки ҳолатни юзага келтириш. Масалан, одатдагидан бошқача турмак, либос кийиб ёки бир кун овқатга туз солмай пишириб кўринг-чи, нима бўлар экан?! Ана шунда оилангиз аъзолари, қайнона-қайнотангиз, турмуш ўртоғингиз ва ҳамкасблар томонидан турли-туман гап, ҳаттоки салбий фикрларни эшитишга ҳам ўрганасиз. Танқид ҳам ўзлигингизнинг бир бўлаги эканлигини унутманг.
Асосийси, ўзингизни севинг, ана ўшанда атрофдагиларга қанчалар севимли эканлигингизни англай бошлайсиз...
|