"Акамнинг собиқ рафиқаси онамнинг уйига даъво қила оладими?"
— Раҳматли ота-онамнинг уйи онамнинг номида қолган, унда ҳеч ким рўйхатда турмайди. Беш фарзанд эдик, шундан акам ва мен ҳаётмиз. Уйни акамнинг номига ўтказмоқчи бўлсак, руҳий аҳволи яхши бўлмагани учун тегишли ташкилотдан қайтаришди. Шу боис уйни номимга ўтказмоқчи эдим. Бироқ оламдан ўтган катта акамнинг қонуний ажрашган рафиқаси ва уларнинг фарзандлари уйга даъво қилиб, судга беришибди. Бунга улар ҳақлими? Ваҳоланки, раҳматли акамнинг қонуний иккинчи оиласи бор. Н.Султонбоева, Тошкент шаҳри Олмазор тумани Саволга Шерзод РАЖАБОВ, Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси жавоб берди: — Бунда акангизни ота-онангиздан олдин ёки кейинвафот этганлигини аниқлаш меросхўр бўлиш тартибини белгилашда муҳим ўрин тутади. Фуқаролик кодексининг 1140-моддасига кўра, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади. Бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади. Фуқаролик кодексининг 11401-моддасига кўра, агар васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтади. Ҳар икки ҳолатда ҳам вафот этган шахснинг марҳум ота-онасидан қолган мол-мулкига унинг собиқ турмуш ўртоғи (эри ёки хотини) меросхўр бўла олмайди. Бироқ фарзандлар қайси турмушдан туғилганидан қатьи назар ўз оталарига тегишли бўлган улушга нисбатан бошқа меросхўрлар каби тенг улушларда мерос олишга ҳақли бўлади. | |
| |
Просмотров: 1004 | |