Ҳар гал мухлислардан келган янги мактубларни қўлга олганда юрагимизда қизиқиш туғилади. Чунки ҳар бир хат битта олам, битта тақдир. Кимдир қувончини бўлишса, кимдир дардини ёради. Баъзан номалар юзимизга кулги ёйса, айрим чоғларда кўзларимизни ёшлайди. Жиззахлик Дилором исмли мухлисамиздан келган хат ҳам шулар жумласидан... “Сиз талабаликнинг олтин даврида топиб олганим — жавоҳирим эдингиз. Ҳа, тағин исмингиз ҳам Жавоҳир. Ўша тиллога тенглашолмайдиган дамларимнинг ёрқин хотираси бугун зулмат қоплаган ҳаётимни тундаги шамдек липпиллаб ёритяпти. Ҳа, худди шундай. Ундан ортиғи эмас. Чунки бошимга тушган бу тун шу қадар қоронғи ва узунки, ҳали-бери ҳаётим қуёши бош кўтармайдигандек, ҳали бери тонгим отиб, кунларим ёришмайдигандек... О, ўша талабаликнинг бир сониялик бахтли онига мен бугунимни бутунича алишишга тайёрман! Ҳа, бугунги асрлардан узун кунларимни сонияга ҳеч иккиланмай алишаман! Афсус, сизнинг ўша пайтдаги муҳаббатингизни бугун топиб бўлмаганидек, унинг изларини ҳам қайтариб бўлмайди. Эслаш мумкин! Эслаб жилмайиш мумкин. Шу ҳам ҳатто айни дамдаги танамни қоплаган азобни бир зум бўлса-да, тарқатади. Тавба, наҳот бугун менинг хотирадан бошқа оромим қолмади? Фарзандларим ҳар доим қалбимнинг қувончи, дилимнинг ҳузури эди. Бугун уларни ҳам кўришни истамайман, ҳа истамайман! Нега? Бунга ҳам сиз сабабчисиз, талабалигимда топган хазинам... Хазиналар тугаб битиши рост экан. Сиз тугаб битдингиз. Бус-бутунлигингизча, омонлигингизча, менинг кўз ўнгимда шундай ҳолга тушдингиз... Нега? Ҳаммасини эслаш жуда оғир... Қани, хотирамда фақат талабаликнинг ўзигина бўлса... * * * Баҳорнинг ўйноқи кунлари. Осмон бир “хўмраяди”, бир “кўз ёш тўкади”, бир “қаҳ-қаҳ отади”. Эрталаб амалиёт ўташ учун таниш мактаб сари йўл олганимда қуёш чарақлаб турганди. Метрога тушиб, ўн беш дақиқача йўл босдимми, йўқми, чиқсам, осмоннинг “қовоғи солиқ”. Мактабда бор-йўғи бир соат бўлдим. Бу пайтда ҳам ҳали шамол бўлса, ҳали қуёш кулиб роса ўйин кўрсатди. Дугонам Малоҳат билан кутубхонага боришни режа қилиб қўйганим учун ортимга шоша-пиша қайтдим. Метродан чиқсам, ҳавонинг авзойи буткул дабдала. “Автобусга чиқсаммикан... Э-э-э, бир югурсам, ётоқхонага етаман. Йўлга сарфлаган пулимга бир кило картошка беради-ю...” Ўзимча шу ўйда катта кўча қолиб, дарахтзор оралаб югургиладим. Мен шошганим сари, шамол ва булутлар ҳам нимагадир улгуриши лозимдек, ошиққандек “Гумбур-гумбур, қарс” қилди-ю, жала қуйса денг. Шунақа шатирлаб қуя бошладики, беихтиёр йўл ўртасида тўхтаб қолдим: Вой, вой. Ё тавба... Осмон худди булутларга қарши ўт очгандек аввалига даҳшатли гулдирос янгради, кейин чақмоқ чақди. Ай-й-й, — қўрққанимдан қичқириб юбордим. Ёмғирнинг шиддати янада кучайди. Томчилар зарбидан “чанг” чиқиб, атроф хиралашди. Юрагимни ваҳима қоплади. Бир қадам ҳам боса олмай, қоққан қозиқдек қотдим. Мендан олдиндаги йигит-қизлар ҳам қийқирганча югуриб, кўринмай қолишди. Уларнинг ортидан югурмоқчи бўлдим. Лой аралаш сувда оёғим сирпаниб, юзтубан тушишимга оз қолди. Ортимдан кимдир чаққонлик қилиб қўлимдан тутмаганида ерда шилтаи шалаббо бўлиб ётармидим... “Зонтик” олиб чиқмассиз-да! — дея бақирди ёнимдаги халоскорим. — Ивиб кетибсиз-ку! Кўйлак ҳам момақалдироқдан қўрқиб, сизга ёпишиб олибди. Эгнимга қарадим, ростдан ҳам юпқа кўйлагим шалаббо бўлиб баданимга ёпишиб қолганди. Уялдим. Юринг, қўлингизни беринг... — йигит соябонини менга ҳам пана қилганча, қўлимдан тутиб, шитоб билан етаклади. Мен ҳам индамай эргашдим. Йигит аввалига менинг авайлаб, тойиб кетмаслик учун оҳиста босаётган қадамимга қаради, охир бўлмади: Югурдик. Бўлмаса, касал бўласиз... Унинг қўлимни янада қаттиқроқ сиққанини сездим. Шу билан мени судрагудек бўлиб югура кетди. Ётоқхоналарнинг қораси кўриниб, асфальт йўлга чиқдик. Сиз қайси томонга? — тўхтади у. Юзига қарашга уялганим учун ерга қараб туравердим. Чунки танамга чиппа ёпишгани кўйлагимнинг либослик ҳоли қолмаганди. Қайси ётоқхонада турасиз? Манг, югуринг! — қўлимга соябонини тутқазди. Шунда унинг юзига қарадим. Қошлари қоп-қора, қўзлари чақноқ йигит экан. Ҳолимдан баттар уялиб кетдим. Совқотиб, титрашга ҳам туша бошлаяпман. Худойим шунақа аҳволда ҳам келишган йигит билан учраштирадими? Раҳмат! Кетавераман! — дедим ётоқхонам томон қадам ташлаб. Олинг, касал бўласиз! — қўлимга тутқазиб қўйди соябонини. Мен ивиб бўлдим, сиз ивиманг. Оббо! Югурсангиз-чи? — йигитнинг бир зумда сочлари ҳўл бўлиб, юзига сув томчилай бошлади. Ҳатто қора, қалин қошларидан ҳам сув сизарди. _ Ивиб бўлдингиз... — дедим соябонни унга яқинлаштириб. У жилмайди. Шунда кулгичи борлигини кўрдим. Яна сувдан сочлари ҳам жингалак тортганди. “Чиройли йигит экан”, хаёлимдан ўтказдим ва шошиб дедим: Ушланг, мен кетдим. Катта раҳмат! Югуринг дедим сизга! Қайси ётоқхонада турасиз? Қўрқманг, кейин ўзим бориб оламан, “зонтик”ни. Совқотдингиз. Лабларингиз, кўкарди. Чопинг... Ерга киргудек бўлдим. Ортиқ унинг ёнида шу аҳволда туришга юзим чидамади. Раҳмат, — дедим-у соябон билан ўз ётоқхонам томон қадам ташладим. Қайси ётоқхонада турасиз, дедим? Мен ётоқхонамни ва хонамнинг рақамини айтдим. Ким деб сўрай? Этим жунжикиб, тилим ҳам яхши айланмай қолди. Дир-дир титраётганимдан тутилиб дедим: Дил... ором... Йигит яна жилмайди ва бақирди: Югуринг! Унинг буйруғига бўйсундим... * * * — Дил! Аввалига жилмаярдим. Чунки унинг ташрифи қалбимга қувонч берарди. Дил! Атай жим турардим. Дил! Кейинги сўзни айтмагунча овоз бермасдим. Ором! Ором, дедим! Ана шундан кейингина деразадан бошимни чиқарардим. Ўлдираман, нега индамайсиз? — дерди у чиройли кулгичларини жўртага кўз-кўз қилаётгандек жилмайиб. Менинг исмим Дилором! — дердим аразалаган киши кўрсатиб ўзимни. Бошида унақа демагансиз! Пастга тушинг! Бошда совқотганим учун тутилиб айта олмаганман. Менам совқотяпман, шунга шунақа чиқяпти, исмингиз... Кун иссиқ-ку! Сиз ёнимда бўлмасангиз совуқ! * * * Ҳа-а-а, бугун менга худди шундай. Совуқ, қоронғи, тор, мазмунсиз мен учун дунё. Чунки сизнинг муҳаббатингиз, меҳрингиз билан ҳаётим ҳаддан ортиқ гўзаллашганди. Шунга ўрганган эканман. Ҳар доим шундай бўлади, деб ўйлабман. Шундай ўйлаганим учун ҳам севгим учун курашдим, ота-онамга қарши чиқиб Навоийдан Жиззахга келин бўлдим. Иссиқ чеҳрангиз, ширин тилингиз билан ота-онамнинг ҳам кўнглига йўл топдингиз. Йўлни ўйлаб қаршилик қилганмиз-да! Бўлмаса, бирдан Дилоромни сизга қўшқўллаб топширардик, — дейишарди улар тўйимизга қарши чиқишганидан ҳижолат бўлиб. Бирин-кетин туғилган ўғил ва қизимиз бахтимизни янада порлатганди, гўё. Мангу, абадий бахт оғушида яшайдигандек ҳис қилардим ўзимни. Афсус, Аллоҳ учун ўзи бунёд этган нарсани вайрон этиш мушкул эмаскан. Ҳаммаси бир зумда рўй бергандек. Албатта, мен учун шундай. Чунки бахтдан қамашган кўзларим сизга яхшироқ қарашга, гумонланишга йўл бермаган. * * * — “Гуля” деган қўнғироқ қиляпти. Ким у? — дедим телефонингизга ҳайрон бўлиб қарарканман. И-и, тезроқ бер. Янги ҳамкоримиз! Россиядан келган. Лекин ўзбек. Ало, Гуля, эшитаман! — дедингиз шоша-пиша... Бу ҳамкорингиз кун келиб оиламизга ҳам “ҳамкор” бўлишини билганимдами? Шунчалик содда бўламанми, у билан бир кафеда бирга ўтирибман ҳам. Сизга нозли қарашини сезган бўлсам ҳам парво қилмабман. Уйга меҳмонга ҳам чақирибман. Феълингиз, яхшию ёмон кўрган нарсаларингиз ҳақида суриштиришларини аёлларга хос қизиқиш деб билибман. Энди ўйласам, ўша пайтлардаёқ иккингизнинг муносабатларингиз ва режаларингиз ўзгарган экан... Мен Россияга кетяпман. Ўша ёқда ишлайман. Шартнома туздим. Ишим зўр бўлади, Худо хоҳласа, — деганингизда ҳам ростмана қўрққандим. Сизсиз қандай яшаймиз? Шу ерда ишлайверинг. Бу менинг қарорим эмас. Ишхонам жўнатяпти. Дарров келасизми? Икки йилга шартнома қилдим. Нима? Йўқ, керак эмас бунақа иш! Менинг қаршилигим ҳеч нарсани ўзгартирмади. Кўз ёшларим, болаларимизнинг соғинишини айтганларим ҳам сизга таъсир қилмади. Ҳатто иккилантирмади ҳам. Кейин уйга иккита авиачипта билан кириб келдингиз. Яна ким кетяпти, сиз билан? Иккита одам жўнатяптими, ишхонангиз? Йўқ! Гуля билан кетяпмиз. У қайтяпти... Мана шу гап ҳам юрагимга шубҳа солмади. Йиғлаб, сиқтаб кузатиб қолавердим. Ваъдага вафо қилиб, борганингиз заҳоти қўнғироқ қилдингиз. Янги рақамингизни бердингиз. Сизсизликка мен ҳам болаларимиз ҳам ўрганмаган эканмиз. Пулни ҳам ўйламай ҳар куни қўнғироқ қилардим. Бир ойча вақт ўтгач, кутилмаганда телефонингизни Гуля олди. Гуля, ҳалиям ишдамисизлар? Эрим... Шу пайтда ким ишлайди? Уйдамиз. Бўлди, қачонгача ўзингни аҳмоққа соласан. Бошқа телефон қилма! Эримни тинч қўй! Шунча индамаганим етар! Менга асабийлашиш мумкин эмас, ҳомиладорман! Қўлимдаги телефонга ажабланиб қарадим. “Адашиб, бошқа рақамга тушиб қолмадимми?” “Дадаси” деган ёзув турибди, овоз ҳам Гуляники... Гуля ҳазиллашманг. Дадамиз қани? Диля, бўлди қил! Наҳот тушунмасанг... Жавоҳир ваннада. Чўмиляпти. Бошқа уни безовта қилма, қийнама! Шу билан алоқа узилди... * * * Сизни эслагим ҳам келмай қолган. Жингалак сочлари билан ўғлим эслатади, нима қилай? Кулгичлари билан қизим чеҳрангизни ёдга солади, чидолмайман. Дадам қачон келади? Дадамга телефон қилайлик! — дейди улар. Мана, нима учун мен бугунимни талабалигимнинг бир сониясига алишишга тайёрман! Мана, нима учун фарзандларимнинг соғинч тўла кўзларига қарашни истамайман! Мана нима учун ўз болаларимни кўришни истамайман! Улар жону жаҳоним! Лекин саволларига жавоб бериш, мунчоқдек кўзларига боқиб ёлғон гапириш қанчалик азоблигини сиз билмайсиз... Ўша талабаликда совуқ томчилар билан юрагимга кириб кетган оташин муҳаббатим, наҳот бугун йўқ. Наҳот, шунчалар тез унут бўлди. Шу эди, гапим. Сизга айтмоқчи бўлганимларим шу...” | |
| |
Просмотров: 4052 | |