×

Alalal(30)


“РЎЗҒОРНИНГ ЮКИ АЁЛГА ҚОЛГАНДА...”
Турмуш, рўзғор, фарзандлар тарбияси... Бу ташвишлар одамни не кўйларга солмайди, дейсиз?! Анча йил бирга яшаб, бир-биримизга ишончимиз мустаҳкам бўлса ҳам, эрим билан орамизга совуқчилик тушди. Бу вазиятдан қандай чиқиб кетишни билмаяпман. Маҳалла-кўй, ҳатто яқинларингнинг ишончини йўқотиш одамни жуда эзиб қўяркан. Бошимдан ўтганларини сизларга ёзишимдан мақсад, баъзи эркаклар ўзига хулоса чиқаришини истардим...

Ёш турмушга чиқдим. Ота-онамнинг розилиги билан серфарзанд оилага келин бўлдим. Ака-укалари орасида эрим “ишёқмас, эринчоқ” деган номга эга эканлигини тез орада билиб олдим. Бу менга ёқмаса-да, ҳақиқат эди. Баъзида эримнинг яқинларидан хафа бўлиб кетардим. Нега ўз жигарини бунча ёмон кўради, деб. Бошида унинг бу камчилиги менга арзимасдек туюлган бўлса-да, кейинчалик ўзим ҳам унинг тепса-тебранмаслигига чидолмай қолдим. Болалар кичиклигида бу майда-чуйда нарсадек кўринаркан кўзимизга. Эрнинг топармон-тутармони, уддабурони яхши экан. Рўзғорнинг камчиликларини тўлдириб қўйиш эркак кишининг вазифаси-ку. Менинг эрим эса бунинг акси, уни на болаларининг ташвиши, на рўзғордаги етишмовчиликлар қизиқтирарди. Бошида қайнота-қайнонам билан яшаганимиз учун унчалик муҳтожлик сезмаганмиз. Алоҳида кўчиб чиққанимиздан кейин қийинчиликлар бошланди. Онам аҳволимизни кўриб тургани учун акаларимни тергаб, бир неча марта бозорлик қилиб беришди. Мен эса ҳадеб уйдагилардан ёрдам олишдан уялардим. Ҳамманинг ҳам ўз ташвиши ўзига етарли. Айниқса кичик акамнинг шартта гапирадиган одати бор:

- Эрингга айт, уйда ётавермасдан, ҳеч бўлмаса, бозорда арава судраб бўлса ҳам пул топсин. Ҳадеб сеникига нарса ташийвериш жонга тегди, - деди.

Буларни кўриб, билиб турган эрим ҳеч хижолат ҳам бўлмасди. Болаларим ҳам ейман-ичаман, деб турган пайти. Эримдан ҳеч наф чиқмагач, қўл қовуштириб туролмадим. Ўзимни ўққа-чўққа уриб бўлса ҳам, пул топиш йўлини ўйлардим. Бозорга чиқиб, савдо қила бошладим.

— Ҳадеб ўзинг югуравермай, эрингни ҳам терга, ҳеч бўлмаса, сенга ёрдам берсин, бозорга бирга чиқинглар, – деди онам.

Уларнинг менга ачиниб айтган гапидан кейин уни ҳам бозорга чиқишга кўндирдим. Лекин савдога умуман қўли келишмай, бозорда ҳам бекор ўтирадиган бўлди. Бундай пайтда уйда болалар ёлғиз қолаётганини ўйлаб, баттар сиқилардим.

— Бозорчилик менга эмас экан, энди чиқмайман, бошқа иш суриштираман, — деди у.

— Майли, уйга яқин жойда янги қурилиш бошланяпти экан. Суриштириб кўринг, иш бўлса, болалардан ҳам кўз-қулоқ бўлиб турардингиз...

Эрим шундан кейин бозорга чиқмай қўйди. Бу орада бир-икки жойдан қурилиш иши чиқиб, ўша жойларда ишлади. Хурсанд бўлдим. Лекин шериклари негадир кейинги ишларга эримни чақирмай қўйишарди. Бозорга чиқишни камайтираман, деб турганимда унинг яна ишсиз ўтирганини кўриб, фикримдан қайтдим. Ўзида ҳаракат бўлмаганидан кейин мен нима қила олардим. Топган пулимдан орттириб, иккита бузоқ олдик. Хўжайиним болалар билан биргалашиб, молга қарай бошлашди. Уларни сотиб, яна кичикларига алмаштирдик. Шунисига ҳам шукр қилардим.

Уч-тўрт йил шундай ишлаганимиздан сўнг, соғлигим ёмонлашиб қолди, ёзни-ёз, қишни-қиш демай, бозорга чиқардим, ахир. Жазирама иссиқ, қаҳратон совуқда кун бўйи бозорда туриш ўз таъсирини ўтказмай қўймади. Буйрагим шамоллаб, тўшакда ётиб қолдим. Бахтимга қизларим улғайиб, қўлидан иш келиб қолгани учун, мени ўзлари парваришлашди. Лекин касалим зўрайиб, икки ой шифохонада даволаниб чиқдим. Жамғариб қўйган озроқ пулим ҳам ўзимга кетди. Учта қиздан кейин туғилган ўғлим ҳали кичкина, қўлидан иш келмайди. Отаси эса ҳамон бир ишнинг бошини тутай демайди. Шуларни ўйлаб, яна қай йўл билан пул топсам бўлади, деб бошим қотди.

Аҳволимдан хабардор бўлган ён қўшним ака-укалари ва келинлари қўшни давлатда ишлаб, яхшигина пул топаётганини айтиб қолди.

— Суриштириб кўринг, менбоп иш топилса, мен ҳам ишлаб келардим. Бегона жойда танишлар бўлгани яхши, — дедим унга.

Бирор ҳафта ўтмай, қўшним иш топилганини айтди.

— Уларга битта аёл киши керак экан. Агар уч кун ичида етиб боролсангиз, ўша ишга сизни тайинлашаркан. Бўлмаса, бир қариндошимизга ҳам айтишмоқчи, деди қўшним. Ўйлаб-ўйлаб, қўшни давлатда бирор йил ишлаб келишга қарор қилдим.

- Болаларим ўзини эплайдиган бўлиб қолди, отаси кўз-қулоқ бўлиб туради, - дедим норози бўлган акамга.

Хуллас, хорижга кетдим. У ерда қўшнимнинг ака-укалари ишлаётган супермаркетга фаррош бўлиб ишга кирдим. Бозорда савдо қилиб, қўлим анча келишиб қолгани учунми, кун бўйи уларга ёрдам берардим. Сотувчиларга ёрдам бераётганимни кўрган хўжайин мени ҳам фаррошликдан олиб, бир бўлимга сотувчиликка қўйди. Шунга яраша, маошим ҳам ошди.

Худога шукр, болаларимнинг ризқи, кўпроқ ишласам, тезроқ пул жамғариб, уйга қайтардим, деб қувондим. Бекорга суюнган эканман. Шерикларимнинг менга муомаласи бутунлай ўзгарди. Мени ёмон кўриб қолишди. Аввалига бошқа квартирага чиқиб яшашимни талаб қилишди. Мен “ўзларига келиб қолар”, деб уларга парво қилмадим. Келганимга икки ой бўлмай, уйга анчагина пул жўнатдим. Бу эса шерикларимга ёқмади. Ҳасад, кўролмаслик одамнинг кўзини шу даражада кўр қилиб қўяркан. Шерикларим қишлоққа мен ҳақимда ёмон гаплар тарқатишибди. Гўёки, мен супермаркетнинг хўжайини билан дон олишиб юрганмишман. Ўз юртдошларим, мен каби мусофирчиликда қийналиб пул топаётганлар кўра-била туриб туҳмат қилишлари етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди...

Синглим қўнғироқ қилиб, йиғлаб гапирди:

— Опа, нималар қилиб юрибсиз? Эрингиз, болаларингиз кўзингизга кўринмадими? Уйга қайта қолинг, қанча кўп пул жўнатганингиз сари сиз ҳақингизда шунча ёмон гаплар тарқаляпти. Одамларни биласиз-ку, оғзи билан юради... Акам жуда ғазабда...

Бу гапларни эшитиб, дунё кўзимга қоронғи кўриниб кетди. Наҳотки, оиламни деб қийналганларим эвазига ёмонотлиқ бўлсам?! Нега шерикларим бнчаликка боришди? Шундан кейин ҳеч нима кўзимга кўринмай, қўлим ишга бормай қолди. Охирги иш ҳақимни олиб, уйга қайтишга қарор қилдим. Юртга кириб борарканман, хўрлигим келиб, йиғлардим. “Аёл бошим билан нега бегона юртга бордим ўзи?” деган савол миямдан кетмасди. Саҳарда уйга кириб бориб, болаларимни бағримга босдим. Кутганимдек, эрим мени совуқ қарши олди.

— Мен сизнинг олдингизда ҳам, Худонинг олдида ҳам покман... Ишим юришиб кетганини кўриб, аламдан туҳмат қилишди.

— Бу гаплар бекордан-бекорга чиқмайди. Ишинг ҳам ўз-ўзидан юришиб кетмагандир. Энди бирга яшамаймиз...

Эримнинг бу гапи жон-жонимдан ўтиб кетди.

“Сиз рўзғорни таъминлаб қўйганингизда, мен уйда ўтирардим...” дедим хаёлимда.

Ўзимни қандай оқлашни билмай, бошим қотди. Юрак-бағримни ўртаган аламларни зўрға ичимга ютиб, тилимни тийдим. Эримга мени нима четга чиқиб ишлашга мажбур қилганини айтиб, юрагимни бўшатмоқчи эдим. Лекин ўзимни тийдим. Барибир тушунмайди. Кейин болаларимни ўйлаб, ўзимни қўлга олдим. Ахир ўзимга тўғриман, оиламга, турмуш ўртоғимга хиёнат қилганим йўқ. Нега айбсиз бўла туриб, оилам бузилиб кетиши керак? Эримга ҳам, яқинларимга ҳам ҳеч қандай ёмон иш қилмаганимни, бўлган барча вазиятни тушунтирдим. Менга ишонишгани билан барибир, баъзи одамларнинг нигоҳидаги истеҳзони кўриб, чидолмай кетаман.

Ўйлаб-ўйлаб, шундай хулосага келдим: аввало оилада эркакнинг ҳам, аёлнинг ҳам ўз вазифаси бор. Бугунги кунда баъзи аёлларимиз менга ўхшаб ўз гарданига кўпроқ вазифаларни олаётгани бор гап. Лекин бу хато экан. Менинг бошимдан ўтганлари бунга яққол мисол. Эрим пул топмайди, деб ўзим бозорга чиқиб кетишим керак эмас эди. Аксинча, уни ҳаракат қилишга, ишлашга ундаганимда ҳозирги вазиятга тушмасдим. У пул топаётганимни, рўзғорни эплаётганимни кўриб, баттар хотиржамликка берилди. Барча юкни менга ташлаб қўйди.

Ҳозир айни қизларимга совчи келадиган пайт. Оиламиз ҳақида бундай гаплар чиққани ёмон бўлди. Ўзимга тўғрилигимни биламан, ҳақиқатни юзага чиқариш учун курашишим керак энди. Ҳаммаси изга тушиб кетишига ишонаман.

Афсуски, эримга ўхшаган эркаклар кам эмас. Улар кўзларини каттароқ очишсин. Оила, фарзандлар олдида асосий масъулият ўз бўйнида эканлигини кеч бўлмасдан англашсин, дегим келади.
Категория: Hayotiy Hikoyalar | Добавил: Semeh (17.05.2016)
Просмотров: 2413 | Рейтинг: 1.0/2
home-page--v1 messaging- mms tasks--v1