×

Alalal(30)


“МЕНИ КЕЧИРИШ МУМКИНМИ?..”
“Илм йўлида турмушга чиқишни ортга сурган, натижада қари қизга айланган”

Электрон манзилимизга келган ушбу мактуб, очиғи бизни бироз ўйга толдирди. Лекин баъзи кишиларни мушоҳадага, сабоқ кўчасига бошлаши мумкинлигини ўйлаб, эътиборингизга ҳавола қилишга жазм этдик. Исм шарифини сир сақлашимизни сўраган мухлисамиз хатини шундай бошлаганди...

“Ушбу мактубим аслида таҳририятга эмас, сизга аталган. Сизни ҳамон унутолмайман. Эҳтимол, бу менга берилган жазодир. Балки муҳаббатнинг куйиб кул бўлган, ўзидан қолдирган хунук доғидир. Лекин биламанки, муҳаббатнинг ўзи эмас. Сабаби, мен ўзимни севишга қодир деб ҳисобламайман. Янаям тўғрироғи, лойиқ билмайман...

Рамазон ойини покланиш, мағфират, илтижолар ойи дейишади. Худодан сўраганим, мени кечирсин ва сизга бошқа юзлаштирмасин! Кўзларингизга, ўша мусаффо, беғубор кўзларингизга боқишга тоқатим йўқ!

Нега тақдир иккимизнинг йўлларимизни боғлади? Нима учун сиздек пок, софдил инсонга мендек тубан, разил қизни рўбарў қилди?

Сўзларим пойинтар-сойинтар...

Сизни ўйласам доим шундай бўлади. Миямга бирдан жуда кўп фикр ёғилиб келади ва зумда тум-тарақай қоча бошлади. Мен бир тўда ёввойи кабутарлар ичига тушган ва уларни тутишга уринаётган овчи каби шошиб қоламан. Мана ҳамма гапим поёнсиз осмонга сочилиб кетгандек ғойиб бўлди. Нима дейишни ҳам билмай қолдим. Келинг, яхшиси, бошидан гапира қолай...

Сизни аслида менг кўнгил қўйган йигит яқиндан танирди. Янаям тўғрироғи, у билан битта корхонада ака-укадек ишлагансизлар. Ҳа, айнан ака-укадек. Сиз - ака, менинг кўнгил қўйган йигитим ука бўлган. Чунки сизнинг ёшингиз биздан анча катта, яна бир марта турмушингиз бузилиб ҳам улгурганди.

Биз эса «укангиз» билан шу қадар оташ-аланга ичида эдикки, бошимизга ҳижрон соя солмоқда эди. Уни билмадим-у, бундан мен телба бўлар даражага келаётгандим. Сабаби, пойтахтдаги таҳсилим, муҳаббатимни учратишим, у билан аҳду паймон қилиб, тош шаҳарда қолишим, ижара уйда бирга яшай бошлаганимизга ҳам етти-саккиз йил бўлиб қолганди. Мен унга шу қадар ишонганимдан у билан шаръий никоҳ ўқитишга ҳам рози бўлгандим, Бинобарин, агар унга турмушга чиқмасам, бошқанинг ҳам умр йўлдоши бўлолмасдим.

Афсуски, Унинг айтишича, уйдагилари тўйимиз тугул, ҳатто бизникига совчи бўлиб боришга ҳам розилик бермабди.

— Онам худди Фармон бибининг ўзгинаси. Айтгани айтган, дегани деган, — деди у ўзини оқлаб. — Мен сени севишимни айтдим. “Уйдан бош олиб кетаман”, деб ҳам қўрқитдим. “Оқ қиламан”, деди онам тап тортмай. Нима қилай, онамнинг қарғишига қолайми?

Мен пиқ-пиқ йиғлаганча бош чайқадим.

— Сен сиқилма, — деди у яна. — Мен барибир сен билан яшайман. Чунки сенсиз яшолмайман. Онам фотиҳа қилган қиз ўзимизнинг қишлоқдан, она сути оғзидан кетмаган, довдир, овсар қизалоқ. Ҳали у билан расмий никоҳдан ҳам ўтолмаймиз. Ёш чунки...

— Фотиҳангиз ҳам бўлдими? — чинқириб юборай дедим.

— Бўлди. Бўлмаган бўлса энди бўлади... — бидирлашда давом энди у. — У қиз билан ҳечам расмий никоҳдан ўтмайман. Яъни, номига қишлоқдаги хотиним бўлиб юраверади. Асосий оилам сен бўласан! Ҳар доим сен билан бўламан. Шаҳарда, ёнингда.

— Мен шунақа юравераманми? Ёшим ҳам ўттизга бориб қолди, сизни деб. Кутиб-кутиб...

— Йўқ... — довдиради у. — Расмий никоҳим сен билан бўлади. Фақат... бирдан эмас. Мана бу тўй ўтсин, онам сал ҳовуридан тушсин! Кейин у билан ажрашаман-да, сенга уйланаман...

Йиғладим, сиқтадим, ўзимни ўлдирмоқчи ҳам бўлдим. Лекин бирибир тақдирга тан беришимга тўғри келди. Сабаби, кўнгил қўйган шаҳзодам ростдан ҳам хотинини шаҳарга олиб келмади. Паспорти ҳам топ-тоза, расмий никоҳи йўқ. Ҳар доимгидек ёнимда.

— Мени ростдан севаркансиз-а? — дедим яна бор ғамни унутиб. — Энди кичкинагина бўлса ҳам тўй қилайлик. Уйга бора олмай қолдим. Ота-онам хол-жонимга қўймаяпти “турмушга чиқ” деб...

— Бирдан тўй дема. Ўзи энди тўйдан чиқдик. Пул қайда?

— Мен шунақа юравераманми? — аламдан ёниб кетай дедим.

— Хафа бўлмасанг, бир гап айтаман. Фақат тўғри тушун. Бу иккимизнинг бахтимиз учун! Биласанми, ишхонамизда бир эркак бор. Сендан ўн ёшча катта. Оиласи билан ажрашган. Асосийси, Тошкентда доимий рўйхатда туради. Уйланишга қиз қидиряпти. Шу билан сени таништирсам...

— Нима? — бақириб юбордим. – Ахир мен... сизнинг никоҳингиздаман-ку?

— Номига, жоним. Менам сени бировга бериб қўядиган аҳмоқ эмасман. Истасанг, жавобинг ўзинг билан. Унинг пули бор. Рози бўлсанг, тўй қилиб уйланади. Ҳам эл олдида юзинг ёруғ бўлади, ҳам “праписка”ли бўласан. Тўйдан кейин бир-икки нағма кўрсатасан, ўзингга яқинлаштирмайсан. Қарабсанки, жанжал чиқади. Нари-бери қилиб, амаллаб ажрашгунингча менам қишлоқи хотинимнинг жавобини бераман. Кейин... кейин иккаламизнинг яна бошимиз очиқ, энг даҳшати, сенда “праписка” бўлади. Шартта тўй қилиб, эр-хотин бўламиз-у ҳаммасини унутамиз!

Йигитимнинг ақлига лол қолдим. Бунчалар пишиқ режа қачон етилди унда?

Шундан сўнг у сизга мен ҳақимда гапира бошлаган. Илм йўлида турмушга чиқишни ортга сурган, натижада қари қизга айланган, энди ўзимга мос жуфти ҳалол топа олмаётган маъсума қиз тимсолида таърифлайди мени. Гаплашиб, учрашиб кўришимизни таклиф қилади. Режа бўйича мен сизнинг ёшингиз анча катта эканлигин рўкач қилиб, ноз қилдим. Аммо йигитим “тасодифан” йўлимдан чиқиб қолган бўлиб, менга сизни рўбарў қилди. Мен ёлғонимиздан, қилаётган фитнамиздан уялиб ерга киргудек бўлдим. Бу эса сизга йигитларга қиё боқмай, китобдан бош кўтара олмай юрган қизнинг ибосидек бўлиб кўринди.

— Олсам шу қизни оламан, олмасам ҳам шу қизни оламан. Бу замонда унақа уятчан қизларни топиш қийин, — дебсиз унга хурсанд бўлиб.

Албатта, бу қарордан кейин “укангиз”нинг ўзи ҳам пича ўйланиб қолди. Кейин ишонқирамай деди:

— Унга текканингдан кейин ажрашмайман, деб туриб олмайсанми?

— Жиннимисиз? Амаки бўлиб ётибди-ку! Шуни сизга алишаманми? — дедим кулиб.

Хуллас, режамиз силлиқ амалга ошди. Сиз мени уйимиздан қоғозга ўралган оқ қанддек покиза қилиб олиб чиқдингиз. Рисоладагидек совчилар, тантанали тўй, ақлли-хушли куёв ота-онамнинг ҳам кўнглини тоғдек кўтарди, менга “бошларини ерга қаратмаганим” учун раҳмат ҳам айтишди.

— “Ўтирган қиз ўрнини топар”, — дея мақташди амма-холаларим ҳам.

Ҳамма хурсанд, ҳамма шод. Бир мен хавотир ва қўрқув ичидаман. Бу ёғига сизни қандай алдашни, қандай нағмалар кўрсатишни ўйлайман...

Бу ёқда “укангиз” тинмай хабар юборади: “Ўзингга яқинлаштирма! Ўлдираман! Ўзинг шарманда бўласан!”

— Куёвни кўрсам маҳлуқни кўргандек бўляман. Яқинлашиб келаверса, у билан бирга қоп-қора нарса ҳам келяпти. Вой-дод! — гапим ёлғон бўлса-да, ростмана жазавага тушаман.

— Кўз теккан! — дейди янгам.

— Биров бир нима қилдимикан? Дуо-пуо, а? — дейди бошқалар.

У дедим, бу дедим. Мулла келди, фолбин келди, отин келди...

Охири янгалар ҳам уй-уйига жўнади. Бир ҳафталик “томоша”лардан кейин сиз ҳам тақдирга тан бердингиз. Сўнг оз-моз ича бошладингиз, кейин кўпайди. Ўзингизни билмайдиган даражада ичиб келган кунингизнинг эртасига маломат қилдим:

— Сиздан буни кутмагандим. Шунақа ҳам бўласизми? Аста-секин сизга ўргана бошлаётгандим-ку! Мажбурламасангиз ҳам...

— Нима? Ҳали...

Мен ҳиқиллаб йиғлай бошладим. Сиз эса келиб мени қучдингиз:

— Йиғламанг! Кечиринг! Бошқа ичмайман! Оғзимга ҳам олмайман, ўшани! Нима қилай, бироз сиқилдим, бу оилам ҳам бузиладими, деб қўрқдим. Ичгандан кейин балки аламда... Илтимос, кечиринг. Аслида кўнглингизга қараб иш қилишга аҳд қилгандим. Кечиринг...

Сиз ўта ишонувчан эдингиз. Ишондингиз менга. Мен сизни яна алдашда давом этдим. Яширинча у билан ҳам гаплашиб турдим.

— Қўлини ҳам теккизмасин сенга, қара... — дерди у аламига чидолмай.

Аммо дилимни суриштирмасди. Сиз дилимга тегина бошлагандингиз. Хушхулқлигингиз, одобингиз, меҳрингиз, оилапарварлигингиз тобора мени ўзига ром этаётганди. Шунданми, ўзимни ихтиёрингизга топширганимни билмай қолардим...

Осуда, бахтли, тўкис ҳаётимни ора-сира йигитимдан келган хабарлар бузарди:

“Бугун тушлик пайти амаллаб ишдан чиқаман. Квартирага кел...”

Мен гўё гул ва тикон ўртасида ҳис қила бошладим ўзимни. Сиз ёқимли гул каби ўзингизга тортардингиз, йигитим эса тикон каби наштар санчарди:

— Бузуқ! Иккита эркак билан яшаш ёқиб қолдими? Бўлди, “прописка”нинг ҳаракатини қил. Кейин жанжал чиқарасан!

Яна унинг сўзларидан чиқа олмадим. Режа бўйича иш қилдик. Ўйлаган ниятимиз амалга ошгач, мен қилдан қийиқ ахтаришга тушдим.

— Бошқа сиз билан яшай олмайман! Сизни ёмон кўраман! — дедим охирги жанжалимизда.

Аслида бунинг акси эди. Мен ёлғон гапиргандим. Нима қилай, шунга мажбур эдим. Мен ўйин ўйнаётгандим ва уни якунлаш фурсати етганди...

Ажрашдик...
Сизга оғир бўлди...
Сиздан-да, менга...
Унутолмаяпман...

Нажот ойи, паноҳ ойи, махфират ойи Рамазон! Мени гуноҳларимдан покла! Қийноқлардан халос эт!

Мени кечиринг...”
Категория: Hayotiy Hikoyalar | Добавил: Semeh (08.09.2016)
Просмотров: 3253 | Рейтинг: 1.0/1
home-page--v1 messaging- mms tasks--v1