— Турмуш қурганимизга йигирма йил бўлди, — деди таҳририятга қўнғироқ қилиб ўзини Динора опа деб таништирган мухлисамиз. — Турмуш ўртоғим иккимиз институтда ўқиб, севишиб, ота-онамизнинг розилиги билан оила қурганмиз. Бир қарашда ҳаётимизда ҳамма нарса тўкис эди: яхши кўрган ишимиз, уй-жойимиз, муҳаббатимиз, ота-онамиз билан яхши муносабатларимиз бор… Лекин йиллар ўтиб бораётган бўлса-да, фарзанд кўриш орзумиз амалга ошмасди. Тўйимиздан уч йил ўтиб, қайнонам биринчи марта бу ҳақда оғиз очди. Шундоқ ҳам ич-этимни еб, турмуш ўртоғимга айта олмай юргандим. Қайнонамнинг гапи туртки бўлиб, шифокорга учрадик. Иккаламизда ҳам шамоллаш бор экан, даволандик. Шифокор бир курс муолажа олсанглар бўлди, дарров фарзандли бўласизлар, деди. Унинг гапини қонун билиб, барча айтганларини бажардик. Лекин орадан уч ой ўтса-да, унинг башорати амалга ошай демасди. Хавотирланиб яна шифокорга учрадик. Бу гал бошқасига. Қайтадан текширувдан ўтдик, яна узоқ муддатли муолажалар бошланди. Натижа эса йўқ. Энди эрим мен билан поликлиникаларга қатнамай қўйди. — Мендаги шамоллаш тузалди, муолажаларни ўзинг давом эттира қол, — деди у. — Шифокорлар қабулида сарғайиб юришлар жонимга тегди. Аслида хонама-хона юришлар, навбат кутишлар, ҳар бир шифокорга фарзандимиз йўқлигини тушунтиришлар, уларнинг оғзига ҳукм кутгандек термулишлар ўзимнинг ҳам жонимга текканди. Лекин бошқа иложим йўқ эди. Галдан галга шифокор қабулидан умидим пасайиб чиқаётган бўлса-да, клиникаларга қатнашни қўймасдим... Шундай кунларнинг бирида бир танишим: «Пойтахтга бориб, замонавий ускуналар ёрдамида тўғри ташхис қўйдириб келсанглар бўлмайдими?» деб қолди. Бу гап эримга ҳам маъқул бўлди. Ҳарҳолда пойтхатда бизни ҳеч ким танимайди, текширувдан бемалол ўтиш мумкин. Танишим айтганидек пойтахтда бизга тўғри ташхис қўйишди. Турмуш ўртоғим ҳарбий хизматни Чернобилда ўтагани учун организмида нурланиш кучайиб кетган экан… Шундан кейин яна анча вақтгача муолажалар олдик, эр-хотин биргаликда даволанадиган санаторийда ҳам даволандик. Лекин самараси сезилмасди. Бу орада йиллар ўтиб, яқинларимизнинг тоқати тугаб борарди. Шу пайтгача сан-манга бормаган қайнонам ва қайнопаларим энди очиқчасига жанжал чиқарадиган бўлишди. Хотин-қизлар байрамига эрим менга катта гулдаста олиб келганини кўрган опаси ўша куни қиёмат қилди. — Этагини тўлдириб бола туғиб бериб қўйибдимики, буни бошингга кўтарасан? Умрингни шу қуруқ ёғоч билан ўтказиб, ҳайф кетказаяпсан!.. Ҳақоратлардан бошим айланиб кетди, йиғлаганча уйга кириб кетдим. Ўша куни кайфияти бир пул бўлган эрим ортимдан кирди ва: — Бўлди, сабрим тугади! Ҳаммага айб сенда эмас, ўзимдалигини айтаман. Нима бўлса бўлар. Ҳақорат эшитишингга ортиқ чидай олмайман! — деди бошини ердан кўтара олмай. Йиғлаб бўйнига осилдим: — Илтимос, ундай қилманг, яна бироз сабр қилайлик, балки… мендан хавотир олманг, бу гапларни биринчи марта эшитишим эмас-ку, чидайман, — дедим. — Сени мажбурлаб олиб ўтириш ниятим йўқ, агар ҳаммасини очиқча айтсам, кейин… истасанг сен ҳам кетишинг мумкин. Айнан шу гапни эшитишдан қўрққандим. Эримнинг эркак боши эгилиб, кўзи ёшга тўлиб турганига чидаёлмадим. — Бу гапни иккинчи эшитмай! Кетаман деганим йўқ-ку, нега мени ҳайдаяпсиз? Сизсиз қандай яшайман?! Шундан кейин эрим ҳам йиғлаб юборди… Ахир беш йил давомида айб кимдалигини билмаган пайтимизда бирор марта «фарзанд кўрмадинг» деб юзимга солмаган, яхши-ёмон кунларимда, одамлардан таъна эшитганимда ёнимда турган севимли одамимни қандай ташлаб кетаман? Майли, фарзанд кўрмасам ҳам барибир эрим билан ажрашмайман! Таъна-дашномларга чидайман. Ўша куни шундай қарорга келдим. Лекин бу қарорни амалга ошириш мен ўйлаганчалик осон эмасди. Ҳамма келишиб олгандек бизни ажратишга киришганди. Бу томондан ўз ота-онам ҳам «фарзандсиз оила оилами? Ажрашасан. Иккаланг ҳам бахтингни синаб кўринглар», деб туриб олишди. Қийин аҳволда қолдик, на қайнонам, на ўз онам бизни тушунади. Шундан кейин эрим бир кун «мен бир режа тузиб юрибман, агар амалга ошса, ҳаммаси яхши бўлади», деди. Кўп ўтмай иш билан Тошкентга кетди, икки кундан кейин қайтиб келиб, «кўчингни йиғиштир, Тошкентга кўчиб кетамиз», деди. Анқайиб қолдим. Лекин эрим ҳазиллашмаётганди. У айтганидек эртаси куни фақат керакли нарсаларни олиб, Тошкентга кўчиб келдик. Биринчи гал келганида эрим бир дўстининг уйини ижарага олиб кетган экан. Шундан кейин Тошкентда яшай бошладик. Лекин ҳали фарзанд кўришдан умидимизни узмагандик. Таниш шифокоримиз ҳозирда тиббиёт ривожланиб, бепуштликнинг турли даво усуллари топилганини айтди ва экстракорпорал уруғлантришни тавсия этди. Лекин бу муолажа учун ҳам узоқ муддатли муолажалардан ўтиш лозим экан. Эр-хотин бир йил давомида даволандик, кейин сўнгги умидимиз бўлган муолажани амалга оширдик… Ҳомилали бўлганимни билган куним мендан бахтли одам йўқдек эди. Хушхабарни эшитиб, эр-хотин бир-биримизни қучоқлаб йиғлаб юбордик. Шифокор эса бизни ажрата олмай «Ҳой, барака топкурлар, нега йиғлайсизлар? Бўлди қилинглар, сизга ҳаяжонланиш мумкин эмас», деганча атрофимизда гирдикапалак бўлади. Ҳомила яхши ривожланиши учун бир ой шифохонада қимирламай ётдим, эрим кунига икки маҳал ёнимга қатнайди. «Қачон қимирлашни бошлайди? Қачон ўғил-қизлиги аниқланади?» деб дўхтирларни ҳам ҳол-жонига қўймайди… Ҳомилам беш ойлик бўлганида Термиздан нохуш хабар келди, қайнотам оғирлашиб қолгани сабаб зудлик билан бизни чақиртиришди. Аввалига эрим мени ҳам олиб кетишга қарши бўлди. «Ўзим бораман, сен узоқ йўлда чарчаб қоласан», деб менга рухсат бермади. Лекин қайнотам «Келин ўша аразлаб кетгани бўйича келгани йўқ, олиб кел, охирги марта уни ҳам кўриб қолай», деганлари учун иложсиз олиб кетишга рози бўлди. Узоқ йўлми, қайнотамнинг дафн маросимидаги асабийлашишларми ёки бошқа сабабми, билмадим, борганимизнинг эртаси куни аҳволим ёмонлашди. Шошилинч шифохонага олиб боришган бўлса-да, ҳеч нарса қила олмадик. Беш ой кипригим устида тутган боламдан айрилиб қолдим. Ўғил экан… Бошимга тушган кўргуликларга кўниб, яна ҳаётга қайтишим учун бир йил вақт кетди. Эримнинг илтижолари, меҳри туфайли бироз ўзимга келдим. Шундан сўнг онам бош бўлиб синглимнинг олти ёшли ўғилчасини бизникига олиб келди ва «ота-онаси рози, истасанг, ўғил қилиб олишинг мумкин», деди. Лекин меҳмонга келдим деб ўйлаган бола узоғи билан икки ой сабр қилди, кейин эса кетаман деб йиғлай бошлади. Боланинг онасини соғиниб йиғлашлари юрагимни эзиб юборди, у ёқда синглим ҳам зўрға чидаб юрганини сезардим. Жиянимни онасининг ёнига қайтариб юбордим. Ўзимнинг муаммоларимга гўдакни аралаштириб нима қиламан, мени деб она-бола айрилиқда яшаши керакми?.. Шу тарзда умримизнинг йигирма йили ўтибди. Бу орада қишлоқдан ким ўқишга келса, бизникида турди, барча қариндош-уруғларимизнинг талаба болаларига ота-оналик қилдик. Уларга худди ўз фарзандимдек меҳрибонлик кўрсатишга, ота-онаси узоқдалигини билдирмасликка ҳаракат қилдим… Лекин эримнинг бола етаклаб кетаётган аёлларнинг ортидан қараб қолишини кўрганимда ич-ичимдан эзилиб кетаман. Ёшимиз ҳам ўтиб бораяпти, табиат ато этган оналик меҳримни сарфлаш учун бировларнинг болаларига бош-қош бўлаяпману, лекин… Ношукрлик қилмоқчимасман, қариндошларимнинг болалари яхшиликларимизни унутишмаган, тез-тез хабар олиб туришади, байрамларда қўнғироқ қилишни ҳам канда қилишмайди. Лекин ўзимнинг жигарбандим бўлишини жуда хоҳлайман. Бу дардимни эримга айта олмайман, кўнглини баттар ўкситгим келмайди. Яқинда эрим сенга бир маслаҳатли гап бор деб қолди. Нима гап экан, деб роса ичим қизиди. Бугун эрталаб ишга кетишдан аввал «Янги йилда сенга совға қилмоқчиман. «Болалар уйи»дан бола асраб олсак… шунга нима дейсан?» деб қолди. Қувонганимдан йиғлаб юбордим. Чунки шу гапни ўзим айта олмай юргандим. Нуқул «раҳмат» дейман нима дейишни билмай. Эрим эса «сенга раҳмат» деди ва кўз ёшларини кўрсатмаслик учун шошиб ишига йўл олди. Мен эса аввал тўйиб-тўйиб йиғлаб олдим, кейин эса қувончимни ким биландир бўлишгим келди. Шу сабаб сизларга — севимли газетамга қўнғироқ қилишга қарор қилдим. Эртага эрим иккаламиз «Меҳрибонлик уйи»га борамиз. Янги йилда орзуларим амалга ошишини, бахтим тўкис бўлишини ўйласам, қувончим ичимга сиғмай кетаяпти… | |
| |
Просмотров: 5040 | |