×

Alalal(30)


Юрагимда сақлаганларим: “Ўғлим мендан бегона қизни устун қўйди...”

Таҳририятимизга хат йўллаган водийлик онахоннинг қалб сўзлари балки бугун кимларгадир қандайдир қарор чиқаришига кўмак берар. Бизни тўққиз ой вужудида, бутун умр эса қалбида кўтариб, асраб-авайловчи муштипар оналаримизни асраб-авайлайлик... Муҳташам тўйхона ичида ёр-ёр садолари янграяпти. Бугун кўзимнинг оқу қораси, фарзандимнинг бахт тўйи. Мана шу кошонада бугун менинг ўғлим куёв деган номга сазовор бўлади. Тўйхона эшиклари очилиб, бирин-кетин меҳмонлар кириб кела бошлашди. Аммо, ана шу меҳмонлар орасида бугунги тўйда қатнашиши керак бўлган энг муҳим инсонлар, яъни биз — куёвнинг ота-онаси йўқмиз. Ана шундай қувончли кунда биз фарзандимизнинг бахтига шерик бўла олмаяпмиз. Сен туғилганингда бутун дунёда отанг иккимиздан бахтлироқ одам йўқдай эди. Фарзандимиз улғайиб инсофли, диёнатли, мард ва жасур бўлиб етишсин, деган яхши ниятлар билан сенга Жасур дея исм қўйдик. Сендан кейин уканг ва синглинг туғилишди. Биз сени уканг ва синглингга намуна сифатида кўрсатардик. Мактабда эришган муваффақиятларинг ҳақида гапириб, уларга сендан ўрнак олишларини тайинлардик. Сен синфдаги энг фаол ўқувчи эдинг. Тиришқоқлигинг ва ўткир зеҳнинг билан деярли ҳамма фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирардинг. Бундан биз чексиз ғурур ва ифтихорга тўлардик. Ушалмаган орзуларимиз ва эришолмаган ҳавасларимиз ижобатини сенда кўришни истардик. Отанг корхона ишчиси, мен эса ўқитувчи бўлиб ишлаганмиз. Оддийгина, аммо ўзимизга тўқ ҳаёт кечирардик. Отанг иккаламиз сизларни ҳеч кимдан кам қилмасликка интилардик. Болалар катта бўлавергани сайин уларнинг ташвишлари ҳам ортиб борар экан. Ҳаёт йўллари паст-баландликлардан иборат экан. Сен тиббиёт соҳасига қизиқиб қолдинг. Келажакда мана шу соҳада олий ўқув юртига киришни орзу қилардинг. Қўшимча дарслар учун пул керак эди. Бизнинг маошимиз эса рўзғордан ортмасди. Буёқда уканг ва синглинг ҳам улғайиб қолишди. Шунда мен сен учун касбимни, ўзим севган ва бир умр ишлаган касбимни қурбон қилишга аҳд қилдим. Ишдан бўшадим. Деҳқон бозорида сабзавот олиб-сотишга киришдим. Унча-мунча даромад қилиб, имтиҳонга пухта тайёрланишинг учун, репетиторга қатнашинг учун шароит яратдик. Бозорда савдо қилиш ҳамма ўйлаганидек осон эмас экан. Гоҳида тинчгина мактабда дарс бериб юрсам бўлмасмиди, деб қўяман. Яна фарзандларим, сени, уканг ва синглингни ўйлайман. “Ҳали ўғлим ўқишларга кириб кетса, катта шифокор бўлади, ўшанда бу қийинчиликларим унут бўлиб кетади” дейман-да ўзимни овутаман. Кўп ўтмай сен имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, тиббиёт институти талабасига айландинг. Отанг ва менинг юзимизни ёруғ қилдинг, қалбимизни ғурурга тўлдирдинг. Шартнома асосида кирган бўлсанг ҳам бошимиз кўкка етди. Шартнома пулини амаллаб тўлаймиз, муҳими ўз кучи билан кирди-ку, деб қувондик. Қавму қариндошлар, қўни-қўшнилар бизга ҳавас қиларди. Бизнинг болаларимиз ҳам Жасурга ўхшасин, деб ният қилишарди. Сендек билимли ва ақлли фарзандни вояга етказаётганимиз учун устозларинг ҳам бизга бир неча марта миннатдорчилик билдиришарди. Вақт оқар сувга ўхшар экан. Кўз очиб юмгунимизча етти йил ҳам ўтиб кетибди. Катта дўхтир бўлиш учун яна уч йил ўқишинг керак экан. Бунга ҳам рози бўлдик. Аммо сен аввал бироз ишлай, дединг. Жудаям ақлли болам бор-да, бизни яна қийналиб шартнома пулини тўлаб ўқитишимизни истамади шекилли, деб ўйладик. Хуллас, шаҳардаги диагностика марказида ишлай бошладинг. Мен орқаваротдан сенга қиз излашга тушдим. Ўқимишли, иболи, эсли, ҳушли келин қилишни орзу қилардим. Олий маълумотли, келишган, ақлли ўғлимга айнан шундай қиз ярашади-да, ахир. Отанг иккаламиз кейинги пайтларда тез-тез тўй ҳақида гаплашардик. Қайси ресторанда ўтказишимиз, кимларни айтишимиз ҳақида орзу-ҳавас қилардик. Илоҳим иболи-ҳаёли, ўқимишли қиз учрасин-да! Шундай кунларнинг бирида қўл телефоним жиринглади: Ассалому алайкум, Зуҳра опа, мен ўғлингиз билан бирга ишлайман, — гўшакдан ёшгина аёлнинг овози эшитилди. Ваалайкум ассалом, яхшимисиз қизим, эшитаман? Ўғлимга бирон нарса бўлдими? - деб сўрадим хавотирланиб. Сабаби, одатда ишхонангдан ҳеч ким телефон қилмасди менга. Тинчлик холажон, узр безовта қилдим сизниям. Кейинги пайтларда ўғлингизнинг телефони тинмай жиринглайди. Соатлаб телефонда гаплашади. Буям майли, кеча телефонини стол устига қўйиб чиқиб кетганида, унга келган SMS хабарларга кўзим тушиб қолди. Жасурни шифохонада ҳамма билади. У ақлли, оғир-босиқ бола. Менимча, у тарбиясиз қизга илакишиб қолган. Чунки бунақа гапларни иболи, хаёли қизлар ёзмайди. Мени нотўғри тушунманг яна. Шунчаки Жасур менга укамдек бўлиб қолгани учун унга куюнганимдан гапиряпман” Ҳамкасбингнинг қолган гапларини эшитмадим. Телефон узилиб қолдими ёки эшитишни ҳоҳламадимми, аниғини билмайман. Уйга келишинг билан сени сўроққа тутдим. Сен ҳақингда эшитган гапларим ёлғон эканлигини айтишингни истагандим. Лекин бунинг акси бўлди. Ҳаммаси рост экан. Курсдошингнинг тўйига борганингда танишибсан у қиз билан. Ота-онаси Россияда ишлаб юришар экан. У қиз эса ҳеч қаерда ўқимаган, бунинг устига соғлиғи қониқарли эмас, олти марта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган экан. Буларни сендан эшитиб, даҳшатга тушдим. Ахир, она сифатида менинг ҳам ўзига яраша орзу-ҳавасларим бор. У қиз тенгинг эмаслигини билиб туриб, тақдирингга бефарқ бўлолмайман-ку! Насиҳат қилдим, йиғладим, сиқтадим. - Болам, ҳали ўқишингни давом эттиришинг керак. Кейин ўзингга муносиб қиз топиб уйлантираман. Эс-ҳушингни йиғиб ол, — дедим. - Мен у қизга ваъда бериб қўйдим, ойи! — қалбимни ўртаган жавобинг шу бўлди. Кейинги пайтларда ўзгариб қолганинг сабабини англагандек бўлдим. Ҳатто туғилган кунингда биз сенга совға қилган сўнгги русумдаги телефон аппаратини ҳам ўша қизга берганингни билдим. Ўзингдан сўраганимда бу ҳақда жавоб беришни истамагандинг. Ишга кирганингга 3 ой бўлса ҳамки, маош олганингни кўрмагандим. Кейин билсам, маошингни унга бераётган экансан. Бир куни телефонингни олиб ўша қизга қўнғироқ қилдим. Қизим, ўғлим ҳали ўқишини давом эттириши керак. Унинг хаёлини бўлманг. Кейин менинг ҳам орзу-ҳавасларим бор. Ўқимишли ўғлимга муносиб қизни келин қилиб олиб бермоқчиман. Бу билан сизни камситмоқчи эмасман. Сиз ҳам ўз тенгингиз билан бахтли бўласиз, ҳали, — дедим. Қиз гапларимни индамай эшитди. Бўлди, энди қўнғироқ қилмайди, деб ўйлагандим. Аммо, чучварани хом санаган эканман. У қиз мен ўйлаганимдек бир гапга кўнадиган қиз эмас экан. Қизнинг ота-онаси ҳам тагли-тугли, олий маълумотли, устига-устак келишган, хушмуомала куёв топилганидан хурсанд бўлишибди. Биз совчи бўлиб боравермаганимиздан кейин қўшни тумандан икки аёлни топиб, уларга пул беришибди. Улардан бири гўёки сенга хола, иккинчиси эса амма бўлиб қизникига боришибди. Қизнинг ота-онаси маҳалла-кўй олдида “мана қизимизга совчи келди”, деб овоза қилишибди. Одатда бундай хабарлар тез тарқалади. Амманг ўша туманда яшайдиган дугонасидан сени ўша қиз билан унаштиришганини эшитиб, менга қўнғироқ қилди. Ўша пайтдаги аҳволимни ҳозир сўз билан таърифлаб беролмайман. Мен шу умидлар билан фарзанд катта қилдимми? Шу умидда емай едирдимми, киймай кийдирдимми? 9 ой бағримда кўтариб, дунёга келтирган фарзандим бугун юзимга оёқ қўйдими? Қайси гуноҳим учун? Мана шундай жавобсиз саволлар гирдобида қолдим. Наҳотки қаердадир хато қилдим? Аммо қаерда? Сенга берган чексиз меҳрим учун жазоми бу, болам? Эртасига амманг билан ўша қиз яшайдиган маҳаллага бордик. Маҳалла фуқаролар йиғини ҳузурига кириб, вазиятни тушунтирдик. Қизнинг ота-онасини, яқинларини чақиртиришди ва биз билан юзма-юз қилишди. Сен уларнинг қизларини яхши кўришингни, қизнинг ҳам сенда кўнгли борлигини айтишди. Мен эса гўёки “фарзанди бахтига тўсиқ бўлаётган” онага чиқиб қолдим. Биз совчи жўнатмаганимиздан сўнг сен шундай йўл тутишга мажбур бўлибсан, гўёки. Маҳалла раиси қизнинг ота-онасини тартибга чақириш ўрнига менга “Энди ёшларга оқ фотиҳа беринг, қаршилик кўрсатманг” деди. Энг алам қиладигани, ўша куни қизнинг холаси мени ҳамманинг олдида қўпол сўзлар билан ҳақорат қилди. Бундай муносабатдан кейин қандай қилиб улар билан қуда-анда тутинай? Қариндошлар билан йиғилиб, сенга насиҳат қилдик, аммо фойдаси бўлмади. Кўзинг кўр, қулоғинг кар бўлиб қолди. Сен ота-онанг, қариндошлар, ҳаммамизнинг юзимизга оёқ қўйдинг. Агар эсингда бўлса, синглингни унаштириб қўйгандик. Бу воқеалардан кейин қуда томон айниб қолиб, тўйни қайтаришди. Ўзим қандли диабет касаллигини орттириб олдим. Сенинг тўйинг бўлаётганини эшитиб, устимдан кимдир муздек сув қуйиб юборгандек бўлди. Менинг ишонган боғим, суянган тоғим, сендан буни кутмагандим. Нега бундай бўлди? Бир умр оқ ювиб, оқ тараган ота-онангдан афзал бўлдими, у қиз? Сенга берганимиз - чексиз меҳримиз эвазига топганимиз қаҳр бўлдими, болам?

Категория: Hayotiy Hikoyalar | Добавил: Semeh (26.04.2016)
Просмотров: 2396 | Рейтинг: 1.0/11
home-page--v1 messaging- mms tasks--v1