АЁЛЛАРНИНГ ЭРКАКЛАР БИЛАН МУНОСАБАТДА ЙЎЛ ҚЎЯДИГАН 3 ТА ХАТОСИ
Россиялик машҳур психолог, психотерапевт Михаил Литвак китоби асосида аёлнинг 3 асосий муаммосини таҳлил қиламиз. Ҳозирги замон оиласини 3 га ажратишимиз мумкин. 1. Аҳил эр-хотин; 2. Бир-бирига чидаб яшайдиган эр-хотин; 3. Бир-бирига ҳаёлан ёки жисмонан хиёнат қиладиган эр-хотин. Демак, аҳил оила деганда унда эр-хотин бир-бирини тушунишга ҳаракат қиладиган оилага айтсак, бир-бирига чидаб яшайдиган оилага бола-чақа, узоқ йиллар, қайнона-қайнота, кучсизлик ва ўзбекчилик деб яшаб келаётган эр-хотинни киритишимиз мумкин. Бахтли ва бахтсиз оила деган тушунча ҳаётда учрамайди. Чунки ҳар бир оила ҳаёт давомида бахтли ва бахтсиз дамларни бошидан кечиради. Бир-бирига ҳаёлида ёки жисмонан хиёнат қиладиган эр-хотинлар ҳозирги кунда кўпайиб бормоқда. Бундай оилаларда эркак жисмонан хиёнат қилади ёки бўлмаса камида кўчада бошқа аёлларга хавас билан қараб юради. Ундан ташқари шундай оилалар борки, унда хотин бошқа аёлларнинг эрига, топиш-тутишига, муомиласига, кўринишига ва бошқа унинг учун ижобий хусусиятларига хавас билан қарайди. Ўз эри билан бошқани эрини солиштириб юради. Бу ҳам ҳаёлий хиёнат десак адашмаймиз. Аҳил бўлмаган оилаларнинг асосий сабабчиси этиб Михаил Литвак аёлнинг 3 муаммосини белгилайди: 1. Аёл ўз эрини тарбиялашни истайди. 2. Уни урадиган, сўкадиган эр билан ҳам мулойимгина бўлиб яшашда давом этаверади. 3. Айби кўп эркакни ҳурмат қилиб яшайверади. Ушбу муаммоларни бирма-бир кўриб чиқсак. 1. Эркак учун аёл авалламбор малҳам бўлиши керак. Суянчиқ, таянчиқ бўла оладиган аёлни эркак ҳурмат қилади. Лекин ёш болани тарбия қилгандек эрига ақл ўргатадиган, туппа-тузук эрини бир йўлга солишни ёки уни ўзгартиришни мақсад қилган аёл эркакни нафратини уйғотиши ҳеч гап эмас. Эркак ҳадеб аёлидан тарбия кўраверса, у аёлига ўз онасидек қарайдиган бўлиб қолади. Уни жинсий истамай қолади. Ундан ўзини заифдек ҳис эта бошлайди. Натижада эса, ўз қадрини ўз кўзида ошириш учун сўкиш, қўпол гапириш, силташ, совуққон бўлишни бошлайди. 2. Аёл қадрини билмаса, ҳеч қайси эркак уни қадрлай олмайди. Литвакнинг айтишича, турмуш қуришдан олдин аёл ҳам, эркак ҳам авалло ўз қадрини била олган бўлиши лозим. Ўзбек оилаларида туғилган қизнинг қадри жуда паст бўлади. "Қиз туғилибди", деб, нолийдиган, қизни камситиб катта қиладиган ота-оналар жуда кўп. Бундай оилада катта бўлган қиз ўзини қадрини билмайди. Эр уни сўкса ҳам, урса ҳам, мен шунга лойиқман деб ўйлайди. Чидашни афзал кўради. Тўғри, ажрашиш билан муаммо ҳал бўлмайди. Чунки бундай аёллар ажрашгани билан кейин эрга тега олмайди, теккан тақдирда ҳам яна камситилади. Чунки у ҳали ўзини қадрлашни билмайди. Ажрашиш ҳам керак эмас, чидаш ҳам мумкин эмас. Аёл ўзини сева билиши лозим. Эрининг сўкишию, қўл кўтаришларига чек қўйиш йўлини излаши керак. Бунга оддий ҳолдек, ҳаммани эри шундай деб, қараши нотўғри. Эри урса, "Дадаси овқат ейсизми,"дегандан кўра, аразлаб, ҳафа бўлиб, эркаланиб, ёш боладек нозланиб, керак бўлса, артист бўлиш талаб этилади. Эркак, ёнида бир пол латта эмас, ўзини сева биладиган боши тик аёлни кўра олса, унга оёқ артиши қийинроқ бўлади. 3. Ичадиган, юрадиган эркак билан индамай яшаб юрадиган аёллар ҳам кам эмас. Шу эркак билан яшашга бирон сабаб бордур яшашда давом этади. Яшайверсин, лекин ичиш, хиёнат қилишларига чидаш керак эмас. У ҳолда "Ичманг", "Юрманг" деб эрига ким айта олар экан? Айта олган тақдирда ҳам ким унга қулоқ солар экан? Қадди ростланган аёл! Ҳурматга сазовор аёл. Боши эгилган, ўзини супургидек ҳис этадиган, ота-онасидан ёшлигида кўплаб камситишлар олган аёл эмас. Эркак ёнида ўзига ишонган, кўзлари чақнаб турган, руҳан кучли аёлни кўрса, уни ҳурмат қила олади. Ўзбек аёллари эса руҳан кучсиз бўлиб, эркакдек жисмоний кучи кўп бўлади. Ўзи бемалол 20 кг картошкани бозордан олиб келаверади. Бундай аёл эрини кўзида аёллигини бора-бора йўқотади. Бундай аёлнинг гапи эркак учун бир тийин бўлиб қолади. Эркак ичишдан, ҳиёнат қилишдан бош тортиши учун у ёнидаги аёлнинг гапини эшита олиши керак. Ёнида ҳақиқаттан АЁЛни кўра олса, эшитади. Албатта эшитади. Дунёнинг манаман деган подшоҳу уламолари аёлининг биргина гапи билан бутун бир давлатнинг сиёсатини ўзгартириб юборгани барчага аён бўлган тарихий фактдир. Наҳотки, оддий бир эркакни аёл ўз кучи, меҳри, ширин сўзи ва айёрлиги билан йўлга сола олмаса? Шуни унутмаслик керак, бу 1 кунлик иш эмас. Аёлнинг ушбу 3 мауммоси туфайли оилаларда кўплаб келишмоқвчиликлар юз беради. Оиладаги аҳиллик 90 фоиз аёлга боғлиқ десак адашмаган бўламиз. Аёл биринчи навбатда ўзига назар ташлаши лозим. Лекин ўзини айбини излаш учун эмас, ўзидаги аёллик кучни, аёллик қадрини, аёллик гўзаллигини топиш учун. Юқорида таъкидланган 3 муаммодан ҳоли бўлган аёл оила аравасини равон йўлдан олиб бора олади | |
| |
Просмотров: 1864 | |