Туғруқхона машмашалари. Суюнчини суюниб берайлик!
Туғруқхона — жамият учун энг муҳим муассаса. Бу ерда шифокору доялар ёрдамида янги ҳаёт яралади, янги авлод дунёга келади. Туғруқхонадаги шароит, ундаги ходимлар малакаси, муомаласига қараб, тиббиёт соҳасига баҳо бериш мумкин. Бу йил мамлакатимизда «Соғлом она ва бола йили» деб эълон қилинди, демак, айнан она ва бола саломатлиги учун бевосита алоқадор бўлган тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янада яхшилашга, улардаги мутахассис ходимларнинг тажриба ва малакасини янада оширишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар узвий давом эттирилади. Лекин фақат одамларнинг, жамиятнинг ўзига боғлиқ бир жиҳат ҳам борки, уни тартибга солмай туриб, бу иллатларга қарши курашмай туриб, нафақат тиббиёт, балки барча соҳаларда ҳам катта ижобий ўзгаришларга эришиш қийин. Бу тамагирлик, манфаатпарастлик, порахўрликдир. Эл-юрт ичида кўп муҳокама қилинадиган «туғруқхона машмашаси»га эътибор қаратдик. Она фарзандини дунёга келтириш учун чиндан ҳам ҳаммага қистир-қистир қилишга мажбурми? «Ҳеч ким ҳеч нарса таъма қилмади!» Дилдора Воҳидова, она бўлганига бир ҳафта бўлган: — Минг шукр, туғруқхонадан уйга ҳам келиб олдик. Шаҳар марказида жойлашган, ҳамма бир овоздан мақтаган туғруқхонада кўзим ёриди. Шароитлари жуда яхши экан, озода, иссиқ, замонавий. Менда кесарча кесиш амалиёти ўтказиш аввалдан белгилангани учун шифокорни ҳам анча олдин келишиб қўйгандик. Ўша кунги навбатчи шифокорлар ҳам, ўзим истаган гинеколог ҳам ёнимда бўлишди. Баъзи дугоналарим «Пулини олдиндан бериб қўйсанг, сенга яхши қарашади», дейишганди. Ўзим гаплашган шифокорни-ку, турмуш ўртоғим рози қилди, лекин қолганлар менга ҳеч бир манфаатсиз ёрдам кўрсатишди. Биров «Менга мана бунча пул берасан» дегани йўқ, суюнчи бердик, холос. Менимча, кечаси уйқудан қолиб болангизни кўтариб, тагини тозалаб, ўзингизни ювинтириб, кийинтириб қўядиган тиббиёт ходимларига миннатдорчилик билдиришнинг ёмон томони йўқ! «Бир-икки сўм қистирмасангиз, қиё ҳам боқишмайди» Бахтиёр Бозоров: — Рафиқам икки қиздан кейин ўғил туғди. Шунинг учунми, ўша куни бор пулимни гинекологдан тортиб санитарларгача тарқатиб юборибман. Хотиним эса туғруқдан кейин роса қийналганини, ҳар кунги эрталабки кўрикдан сўнг кечгача ҳеч ким келиб хабар олмаганини айтаверди. Сўнг чилла бўлимидаги шифокор билан яна алоҳида гаплашиб, чўнтагига пул солиб қўйдим. Шундан кейин муносабат ўзгариб, ҳамширалар ҳам тез-тез хабар оладиган бўлишибди. Хотиним ва ўғлимни туғруқхонадан олиб чиқиш учун машина буюртирдим, видео чақирдим, фотограф ёлладим. Рафиқам ялинган пайтда ҳар хил баҳона қилган ҳамширалар суюнчи пул умидида юкларни ташиш, болани кийинтириш учун югуриб қолишганини кўрсангиз эди. Туғруқхонадан чиқаётганда она ва боланинг шифокорлари касаллик тарихидан кўчирма ёзиб беришади, ўша қоғозлар учун ҳам белгиланган пулни бердим. Хуллас, харажат устига харажат бўлди. Эркаклар, туғруқхонага белни бақувват қилиб бораверинг! «Қон ўрнига пул берманг?!» Олим Рифқатов: — Хотиним ҳеч қандай қон йўқотмасдан, табиий туғруқ йўли билан она бўлди. Шундай бўлса ҳам, ота сифатида туғруқхонанинг қон заҳирасини кўпайтириш учун қон топшириб келишим кераклигини, акс ҳолда пулини беришим мумкинлигини айтишди. Аввал шу ўн беш чақа пулини берсам, қутуламан, деб ўйладим. Негаки қон топширадиган жой шаҳарнинг бошқа бурчагида, бунинг устига, ишим кўп эди. Кейин газетангизда бемор болаларга санъаткорлар қон топшириб, одамларни шу ишга тарғиб қилганларини ўқиганим ёдимга тушди. Буни қилишга мажбур бўлмасам-да, бориб, топшириб келдим. Кўпинча, пул сўрашяпти деб нолиймиз, лекин ўзимиз инсонийлик бурчимизни бажаришдан бош тортамиз. «Суюнчими ё пора?» Шарифа Раҳимжонова: — Суюнчи бериш керак, миннатдорчилик билдириш керак, деймиз-ку, аммо унинг чегараси қаерда? Суюнчи билан порани, рози бўлиб бериш билан оғриниб берганнинг фарқи бор! Келиним яқинда фарзандли бўлди, «Шифокорни аввалдан гаплашиб қўйсак, яхши қарайди» деди, ҳомиладор бўлгани учун кўнглини оғритмай деб, рози бўлдим. Аслида, она ва бола саломатлиги учун масъул бўлган шифокорлар ҳаммага бирдек муносабатда бўлиши керак-ку! Келинимни кечаси тўлғоқ тутиб, туғруқхонага бордик. Ўзимиз гаплашган шифокор етиб келгунча, навбатчи ходимлар ёрдамида кўзи ёриди. Ўғлим гаплашилган шифокорга суюнчи пул берса, «Бу пулни санитарка билан ҳамширага берсангиз арзийди», деб қайтарибди. Унинг бу гапини тўғри маънода тушуниб, пулни қайтариб олаётганда, шифокор «Ҳозир битта туғиш ставкаси мана шунча», деб ўзининг кечаси уйқудан қолиб, ишга келганини пеш қилибди. Палон юз минг сўм сўрабди. Мана шундай юлғичликни суюнчи ёки рози қилиш деб аташ тўғрими? «Худди осмон қўлидадек...» Азиза Қодирова: — Яқинларим узоққа бориб қийналишмасин, деб ўзимизнинг туманимиз туғруқхонасига бордим. Шукр, туғруқ жараёни яхши ўтди, шифокорларга ўзимиз қанча хоҳласак, шунча бердик. Бироқ у ердаги тартиб менга умуман ёқмади. Шифокорлар кетганидан кейин эшикбонга уч-тўрт сўм қистирсанг, чақалоқни кўргани киритади, туғруқхона келди-кетди маконига айланади. Бир ҳафта ичида битта санитарка икки марта навбатчиликка турди, нуқул ўша хотин навбатчи бўлса, соат 23 дан кейин ҳожатхона эшигини қулфлаб қўяди: эрталаб тозалик бекаси келиб текшириб олмагунигача, ҳожатхона тоза туриши керак эмиш. Фаросатсиз оналар ифлос қилар эмиш. Унинг гапидан жон-поним чиқиб кетди. «Сиз ҳам она бўлгансиз-ку, боласини хонадаги шеригига қолдириб, 50 қадам ерга базўр бориб келаётган оналарга раҳмингиз келмайдими, агар яна шунақа қилсангиз, бош врачга кираман», деб уришишимга тўғри келди. «Менинг ёшим катта, муштдек бўлиб олиб ақл ўргатманг», деб ишлаб чарчаб қолаётганини пеш қилаётган ходим нега нафақага чиқмайди? «Ҳамма гап ўзимизда!» Лобар Анорқулова: — Дугоналарим айтишича, туғруқхонада пул эмас, таниш-билишинг борлиги кўп нарсани ҳал қилади. Кимнингдир номини айтиб келсанг, ёки ўша туғруқхонада таниш ходиминг бўлса, нисбатан яхшироқ муомала қилишади. Билмадим, мен буни сезмадим. Тўлғоқ тутганда бордим, барча тиббий ёрдамни кўрсатишди. Биров пул сўрагани йўқ, арзимаган суюнчи бердим, холос. Боламга ҳам, ўзимга ҳам яхши қарашди. Қиш бўлса ҳам, хоналар иссиқ, ёруғ. Чақалоғимнинг қорни оғриб бир кеча умуман ухламади. Меҳрибон ҳамшира «Сиз ухлаб, дамингизни олинг», деб менга кўмак берди. Биринчи фарзандимни хорижда дунёга келтирганман, у ерда туғруқхона тўловлари катталигидан турмуш ўртоғим иккимиз жуда қийналганмиз. Биздаги муомала, шароит, тиббий ёрдам беминнат ва бепул. Бир-икки ходимнинг тамагирлиги деб шу тизимда ишлаётган, минглаб фидойи, ҳалол тиббиёт ходимларини ёмонотлиққа чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Фикрларни ўқиб туриб, шу хулосага келдик: берган ўзимиз-у, олганни ёмонлаймиз, ўргатган ўзимиз-у, ўрганганга инсоф сўраймиз. Битта туғруққа ўртача маош пулимизни сочиб келаётган ҳам, шифохона, ҳатто чиллахона ички тартибига амал қилмай, чақалоқни кўрай деб ҳовлиқиб, оналар тинчини бузаётган ҳам ўзимиз. Ҳар бир вазиятга ечим ёки мулоҳаза билдириб ўтирмадик, «Бизда туғруқ бепул!» деган ҳуқуқий асоснинг ўзиёқ барча саволга (чақалоқ учун бериладиган вақтинчалик озуқадан тортиб тиббий қўлқопгача бепул, шу ва бошқа бирламчи зарурий ашёлар, дори воситалари билан туғруқхоналар давлат томонидан таъминланган! Донорликка ҳам ҳеч ким мажбурлай олмайди, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1003 ишонч телефонига мурожаат қилишдан эринманг) жавоб бўла олади. Ҳуқуқингизни билсангиз, ҳамма соҳада ҳам мутасадди ёки маъсул ходимлар билан шу ҳуқуқ доирасида гаплашсангиз бас. Ўз хизмат вазифасига панжа орасидан қараб, муаммолар занжирига яна битта ҳалқа қўшманг, сизнинг ҳам нуқтаи назарингиз, ҳуқуқий саводхонлигингиз борлигини билдириб қўйинг! Ёдингизда бўлсин, жамоатчилик назорати, очиқ фуқаролик жамияти ҳар биримизнинг саъй-ҳаракатимиз орқали шаклланади. | |
| |
Просмотров: 1039 | |