Онахонга доим ҳавас билан қарайман. Чиройли аёл. Юзидан нур ёғилиб туради. Қизлари ҳам тумандаги кўзга кўринган инсонлар. Шифокор, ўқитувчи, хусусий тадбиркор, ҳисобчи. Чолу кампирнинг бир-бирини суяб яшашлари, асраб-авайлашлари ҳам кишини тўлқинлантиради. Қўша қариётган инсонлар бахтли-да, дейман уларга қараб. ...Ўша куни майдалаб қор ёғаётганди. Мени тўлғоқ азобидан ҳам кўра ичимдаги ғалаён қийнарди. Яна қиз туғсам-а? Негадир шундан жуда қўрқардим? Эрим бу сафар туғруқхонага бориш тугул мени қайтиб олиб ҳам келмаса керак. Беш болам билан қаерга сиғаман кейин? Ана шундай ўйлар исканжасида, Худодан ўғил сўрай-сўрай туғруқхонага бордим. Кўзим ёриди… Доя аёлнинг кўзларига термиламан. У кулиб турибди. Дардимни билмайди-да… «Эсон-омон туғилди, бола муборак!» дейди. Мен мажолсизгина сўрайман: «Ўғилми?»… «Қиз…» Болам… болажоним… уни қўлимга олганимда дардларим унутилгандек бўлади, ахир унда нима айб? Аммо ҳар куни деразага қараб, отасини кутганимда ичимдан нимадир узилади. Онам, опам келиб, қизларим яхшилигини, мен туғруқхонада бўлганимга улар ўзлари болаларимга кўз-қулоқ бўлиб туришганини айтишади, тинчлантиргандек бўлишади. Бироқ ичимга, барибир, чироқ ёқса ёришмайди. Алам қилади. Ахир қизми, ўғилми, боласи-ку! Бир пайтлари кўнгил қўйиб, суйиб уйланган аёлиман-ку! Наҳот энди мендан ҳам, беш норасидадан ҳам воз кечса? Қайнонам-чи? У кишидан ҳам дарак йўқ. Хуллас, етти кун ана шундай аламлару келиб қолишар, деган умидлар билан ўтди. Йўқ! Тўғри ота уйимга кетдим. Отам раҳматли ўшанда «Қизимни ҳам, қизларини ҳам ўзим боқиб оламан. Боланинг қадрига етмаган куёв керакмас менга», деганди… *** …Ўша куни майдалаб қор ёғаётганди. Ярим кеча телефоннинг қаттиқ жиринглашидан уйғониб кетдим. Гўшакни кўтарган отамнинг овози эшитилди. «Қачон?», «Нима бўлди?» «Қаерда?» Кўнглим нимадир юз берганини сезди. Қўлимда уч ойлик чақалоғим билан югуриб чиқдим. Отам бошини хам қилиб турарди. Қоронғуда у кишининг юзини кўролмадим. — Хадича, тез кийин, бир жойга боришимиз керак, — деди отам. Хаёлимга турли ўйлар ёпирилиб келди, ўша бир жойни тахмин қила олмасдим. — Нима бўлди? — Уйингдан қўнғироқ қилишди… Куёвнинг мазаси йўқмиш… У киши гапини давом эттиришни истамади. Хонасига қараб кириб кетди. Мен ҳам хонамга кириб кийина бошладим. Онам, укам ҳам уйғонишди. Биз укам, отам ва чақалоғим йўлга чиқдик. Шифохонага бориб, ҳаммасидан хабар топдим. Эрим автоҳалокатга учрабди. Бир ҳушига келиб, бир ҳушидан кетиб ётган экан. Нуқул ўзига келганида қизларини сўрармиш. *** …Ўша куни майдалаб қор ёғаётганди. Зебо атак-чечак қадамларини ташлаётганди. Эрим ҳам бир йил деганда боласи билан барвар қайта қадам ташлай бошлади. Ўша бир йил давомида иккимизнинг кўрган қийинчиликларимиз, дилимиздан ўтганлари фақат ўзимизга ва Худога аён. Эрим доим ёлғиз қолсак, тавбалар қилар, кечирим сўрарди. — Сенинг, қизларимнинг қадрига етмаганим учун Худо жазолади мени, — дея куйинарди. Мен эса беш норасидам учун эримни асраб қолган Яратганга шукроналар айтардим. Оғир кунларимда қизларим жонимга оро кирди. Мен кун давомида эримнинг бошида шифохонада ўтирардим. Катталарим навбатлашиб отасига қарашар, овқат қилиб келишар, сингилларига бош-қош бўлишарди. Қайнонам «Қиз бола бошқача бўлади-да! Ёнингга тез киради», дерди кўзига ёш олиб. Яна доим қўлини дуога очиб, «Кўрган-кечирганларинг шу бўлсин. Бошқа бошларинг ғам кўрмасин», дея ният қиларди. Аммо бу ҳаёт экан. У доим текис йўллардан эмас, турли синовлар, қийинчиликлардан иборат бўларкан. *** …Ўша куни майдалаб қор ёғаётганди. Ишдан чиқиб уйга келдим. Каттам тиббиёт институтида, иккинчиси иқтисодиёт йўналишида ўқирди. Вилоят марказига уйимиз яқин бўлгани учун автобусда ўқишга бориб-келишар, дадаси еру кўкка ишонмагани боис ётоқхонада ҳам туришмасди. Кичиклар мактабдан келишган, ҳамма жамулжам бўлиб чой ичаётганимизда катта қизим ҳовлиқиб кириб келди. — Ойи, Зулхумор автобусда ҳушидан кетиб қолди, — дея йиғларди у. Йўл машинасида уни уйга олиб келишибди. Болам ҳушига келган, аммо бошини чангаллаб йиғларди. «Тез ёрдам» чақирдим. Аввал туман шифохонасига текширувлардан ўтказишди, кейин вилоят марказига жўнатишди. Ва ҳаётимдаги энг даҳшатли гапни айтишди. Ўн еттига эндигина тўлган қизимга мия саратони ташхисини қўйишди. Оёғимнинг учигача музлаб кетдим. Турмуш ўртоғим «Хато қилгансизлар, менинг болам касал эмас. Шунчаки боши оғриган», дея шифокорларга эътироз билдирар, аммо кўзлари ёшланарди. Шу кундан ҳаётимиздан файз кетди. Адо бўлдик. Тинимсиз даволанишлар, пойтахтда ойлаб муолажа олишлар натижасида уч йилгагина болажонимнинг умри узайди. Тақдир ҳаёт боғимиздан бир гулимизни юлиб олди… Зулхумор бу ёруғ оламни тарк этгач, мен учун дунё зулматга айланди. Кун бўйи бир нуқтага термулиб ётардим. Қизларим худди ҳозир нимадир юз берадигандек оёқ учида юришар, нима деб мени юпатишни билишмасди. Эрим эса кундан-кун чўкаётган тоғга ўхшарди. Қизимнинг суратини бағрига босиб йиғларди. Эндигина мактабга чиққан кенжам Зебо дадасини ёнига бориб, «Дада, мениям қучоқланг. Иккимиз бирга опамни қучоқлайлик», дерди. Шу миттигина қизалоғим ҳам отасини юпатгиси келар, гоҳо йиғлаб ётганимни кўриб, бошимни силаб ўтирарди. *** Ҳаёт давом этавераркан. Қизларим изма-из улғайишди, ўқишди, уларни турмушга узатдик. Мана, ўтган ой Зебонинг ҳам кўзи ёрди, полвондек ўғил кўрди. Қизларим ёр-ёр садолари остида уйимизни тарк этаётганида мендан кўп отаси йиғларди. «Куёвимиз яхши инсонмикин», «Қудалар яхши муносабатдамикан қизларимизга», дея сўрайверади. Болаларини ҳамон еру кўкка ишонмайди. Ҳозир ўғил-қиз невараларимиз бағримизни тўлдиришади. Улар уйга келишганида ҳовлимиз ўзгача файз олади. Катта қизимнинг тўнғичи биз билан яшайди. Бу ҳовлига невара келин туширишимни ўйласам, қалбим қувончга тўлиб кетади. *** …Ўша куни майдалаб қор ёғаётганди. Қор кишига ўзгача бир кайфият бағишлайди. Деразаларни очиб, айвонда қорни томоша қилиб ўтирсак, катта куёвларим кириб келишди. Ва ҳаётимиз давомида энг катта ниятимизга етказишди бизни. Болаларимиз маслаҳатлашиб, бизни ҳаж сафарига жўнатишни мақсад қилишибди. Уларнинг «Сизларни рўйхатга ёздириб қўймоқчимиз», деган сўзларидан қалбимизни шукуҳ, шукроналик туйғулари чулғаб олди, кўзларимиздан улар ёш бўлиб оқди. Худонинг инояти, ўғил ўрнини босгувчи куёвларимизу қизларимиз саъйи ҳаракати билан бир умрлик орзумиз ушалди. Ҳаж зиёрати бизга насиб этди. Чолу кампир фарзларимизни адо этиб, ҳожи ота, ҳожи она мақомига эришиб, болаларимизнинг роҳатини кўриб ўтирибмиз. Худонинг ҳар бир куни синов экан, синовларни сабр ва матонат билан енгиб ўтиш, улар инсоннинг иродасини мустаҳкамлаб, иймонини бутлайди. Ва албатта, ҳар қандай синовнинг ортида бир мукофоти бўларкан. Бир пайтлари майдалаб қор ёғса, юрагим шиғ етиб кетарди. Қор ҳам Тангрининг бир инояти. Ҳар қор ёғганида Зулхуморнинг ҳаққига янаям кўп дуолар қиламан, фарзандларимга умр сўрайман, Яратган барчани эзгу ниятларига этказишини, ҳеч кимнинг бошига фарзанд доғини солмаслигини сўрайман. | |
| |
Просмотров: 1215 | |