Ўғил тарбиялаётган оналарга 20 маслаҳат
Ўғил болани тарбиялаш осонмас, дейишади билганлар. Бундан қиз бола тарбиялаш осон экан-да, деган хулоса келиб чиқмаслиги лозим. Шунчаки, ўғил болалар тарбиясининг айрим ўзига хос жиҳатлари бор. Демак, ўғил ўстираётган оналар қўйидагиларга эътибор беришлари керак. 1. Ҳислари ҳақида гапиришга ўргатинг Ҳаммага эмас, фақат бир кишига айтсин. Шу инсон сиз бўлинг. Шундагина у одамларга ишонади, ўз туйғуларини чуқурроқ англайди ва юрак хасталикларидан узоқроқ юради. 2. Нимаики янги иш бошламасин, қўллаб туринг Ўғил боланинг энг катта бойлиги ва ютуғи – ўзига ишонч туйғуси. Ҳозирча у ўзига ишончни сиз орқали олади, қилаётган ишларига онасининг назари билан баҳо беради. 3.Меҳнатга ўргатинг Ҳозир уларда ғайрат кўп, бекор ўтиргандан бекор иш қилсин. Майли, уйда иш топилмаса қўшнисига қарашсин. 4. Биргаликда китоб ўқинг Бу китобни ўқигансиз, энди ўғлингиз ўқиб чиқишини истаяпсиз. Аммо сиз истаганингиз учунгина ўқимайди у. Китобга қизиқиши керак. Бирга ўқиймиз, десангиз албатта қизиқади. 5. Қизиқишларини бўғманг Майли, у “кетка”лар йиғиб, бутун уйга сочиб ташласин ёки тўп ўрнига “баклажка” тепиб, қулоқни қоматга келтирсин. Ким билади, сиз бўлажак устомон брокер ёки машҳур футбол юлдузини тарбиялаётгандирсиз?! 6.Эркаклардан кимгадир тақлид қилишига қўйиб беринг Отаси, Месси ёки Бэтмен – фарқи йўқ. Алпомишга тақлид қилдиролсангиз қани эди... Бу зотлар ўғлингиз олдига қўйган маррадир. 7. Аёлларни ҳурмат қилишга ўргатинг Синглисини туртиш, боғчасидаги қизларнинг сочидан тортиш – буларнинг бари мумкин эмаслигини аввал тушунтириш, бу иш бермаса, жазолаш орқали боланинг онгига сингдирилиши керак. 8.Ўзингиз ҳурматга лойиқ аёл бўлинг Болани қарғаш, унга бақириш, бировларни ёмонлаш, номақбул сўзларни айтиш, алдаш... Хуллас, буларнинг баридан тийилишга ҳаракат қилинг. Унутманг, сиз унинг учун дунёдаги энг меҳрибон ва чиройли аёлсиз. Шу мартабадан ўзингизни ўзингиз тушириб қўйманг. 9. Одоб-аҳлоқ қоидаларини ўргатинг Дастурхонга катталардан аввал қўл узатмаслик, ўзидан катталарга жой бериш, қошиқни тўғри ушлаш – бу майда-чуйдаларни беэътибор қолдирмасангиз келажакда халқдан дуо олиб келадиган ўғилнинг онасига айланасиз. 10.Бирон нарсага ишонса, ишончини синдиришга шошилманг Масалан, Қорбобога, Ҳизр бувага, сеҳрли таёқча ёки қалпоқчага... Буларнинг бари эзгуликка ҳизмат қиладиган образлар. 11.Баъзан мулойим бўлиш ҳам керак... Ўғил бола юмшоқ супурги эмас, бу тўғри. Бироқ ўрни келганда мулойимлик, яъни дипломатия билан ишини битириш мумкинлигини ҳам билсин. 12. Кийимларини ифлос қилишга ҳаққи борлигини унутманг Ахир у ўғил бола! Бўлмаса, қандай копток тепади, қумдан чиройли уйлар қуради ёки велосипед учишни ўрганади? 13. Бирга тез-тез сайрга чиқинг Уйдан ташқарида, юмушлардан ҳоли она-бола бир-бирингиз билан суҳбатлашасиз, унинг саволлари ҳам бошқача тус олади. 14. Бошқаларга ёрдам беришга ўргатинг Сен бировга ёрдам берсанг, бошқалар кун келиб, сенга ёрдам беришади. Шу ақидани боланинг онгига сингдиринг. Шундагина унда одамларга яхшилик, савоб ишлар қилишга эҳтиёж пайдо бўлади. 15. Тажриба вақт ўтиши билан ҳар ишда қўл келишини тушунтиринг Бирон нарсани уддалай олмаса, бу билмасликдан эмас, тажрибасизликдан. Вақти билан тажриба пайдо бўлади ва у ишни эплаб кетади. Асосийси, тажриба орттиришдан чарчамасин. 16. “Нега?”ларини жавобсиз қолдирманг Баъзан болажонлар шу сўзни ўйинчоқдек ўйнашаётган ва сизнинг сабрингизни синаётгандек туюлиши мумкин. Аслида, ундай эмас. Савол бермай қўйишидан Худо асрасин. Бу кичкинтойнинг онги ривожланмаётгани белгисидир. 17. Отаси билан тез-тез ҳоли қолдиринг Ўғил бола эмоционал жиҳатдан кўпроқ онага боғланган бўлса-да, руҳан ва маънан отаси таъсиридадир. Ота билан ёлғиз қолган ўғлингиз ўзини бўлажак эркак сифатида ҳис қилади. 18. Биргаликда қасрлар қуринг Майли қумдан ёки хаёлий. Бунёдкорлик, яратувчанлик, ихтироларга интилиш айнан ана шу кичик “қурувчилик”дан бошланади. 19. Вақти-вақти билан бир қучиб, яхши кўришингизни айтиб қўйинг Муҳаббат билан болани бузиб бўлмайди. Аксинча, у фарзандингизнинг қалбида меҳр дарахтининг кўкаришига сабаб бўлади. 20. Доим уйдан мадад олишига эришинг Шунда кўча ҳандон, уй зиндон эркакка айланмайди. | |
| |
Просмотров: 1806 | |