“Гўзаллик дунёни қутқаради” деган нақл бор. Дарҳақиқат, ҳақиқий аёл исталган вазиятда ҳам жозибадор ва мафтункор кўринишда бўлмоғи керак. Бунинг учун аёлнинг чиройли ёки оддий турмакланган, хушбўй ҳид таралиб турувчи соғлом сочлари муҳим рол ўйнайди.
Хато № 1. Соч ювиш воситаларининг нотўғри танлови Сочлар парваришида авваламбор соч ювиш воситаси-шампуннинг тўғри танлови муҳим аҳамиятга эга. Акс ҳолда нотўғри танланган шампун сочларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.
Хато № 2. Сочларнинг жуда қисқа ёки узоқ вақтда ювилиши Ювиш тартиби сочларнинг тури ва сувнинг яроқлилик даражасига қараб амалга оширилади.
Хато № 3. Соч ювиш воситасидан нотўғри тарзда фойдаланиш Сочни ювишдан аввал уни яхшилаб тараш керак. Фойдаланилаётган шампун миқдори сочларнинг узун ёки калталигига қараб тақсимланади. Шампундан ҳаддан ортиқ миқдорда фойдаланиш мумкин эмас. Яхшиси сочларингиз қалинлигига қараб, аниқ бир меъёрий тақсимни белгилаб олинг. Аввалига шампунни ҳўл сочларга суртиб, сўнг уқалаш орқали кўпиртиринг. Ҳосил бўлган кўпикни сочларингиз илдизига суртинг. Уқалаш жараёни тирноқлар эмас, бармоқлар орқали амалга оширилиши лозим. Тирноқлар билан қашлаш оқибаида бош терисига шикаст етказиб қўйиш ҳеч гап эмас. Вақти-вақти билан илдизларини уқалаб туриш эса сочларнинг саломатлигига ва бош териси остидаги қон айланиш системасининг яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Хато № 4. Майинлаштириш ва озиқлантириш ҳақида унутиб қўямиз Сочлар намликни тез фурсатда йўқотади. Шу боис намлантирувчи “бальзам” ва “маска”дан тез-тез фойдаланиб туриш яхши натижа кўрсатади. Бальзамдан сочга суртилган шампун ювиб бўлинганидан сўнг ёки шампун билан бирга бир вақтнинг ўзида фойдаланилади. Бальзамни сочнинг узунлиги бўйлаб суртиш керак. Сочлар илдизига суртиш эса бевосита унинг тўкилишига олиб келади. Соч ниқобидан ҳафта давомида бир маротаа фойдаланиш мумкин.
Хато № 5. Сув ҳароратидан нотўғри равишда фойдаланиш Кўплаб аёллар сочларини меъёридан ортиқ қайноқ сувда ювиб, қўпол хатога йўл қўяди. Сочларнинг қайноқ сувда ювилиши унинг хира кўриниш ҳосил қилиб, бош терисидаги ёғ безларининг фаоллашувига сабабчи бўлади. Одатда сочлар илиқ ёки бир оз баландроқ ҳароратдаги илиқ сувда ювилади. Бундай ҳароратдаги сув билан сочни ювиш унинг осон тоза бўлиб, бош терисидаги қон айланиш системаси фаолиятининг яхшиланишини таъминлайди. Ушбу жараён қўллангач, таъбга кўра салқин ва совуқ душда ювиш, сочлар илдизининг мустаҳкамланиши, унга ялтироқ жило беришига кўмаклашади.
Хато № 6. Ҳўл сочларни сочиқ ёрдамида қуритиш Ювилган сочлар илдизидан бошлаб учигача яхшилаб қуритилади. Аммо сочиқ билан салла тарзида ўраб қўйиш тавсия этилмайди. Чунки бу усул сочлар фоликулаларининг зарарланишига олиб келади. Агар сочларингиз тезроқ қуришини истасангиз, шунчаки пахтали футболкадан фойдаланиш кифоя.
Хато № 7. Тез-тез ва қўпол равишда тараш... Бу хато билан сочларингизнинг мўртлашуви ва тўкилишига сабабчи бўлиб қоласиз. Айниқса, сочларингизни ювиб бўлгач, шу заҳотиёқ уни тарашга уринманг. Бундай пайтда катта тишли тароқ сизга асқатади. Сочларни узунлиги бўйлаб, пастдан тепага қараб тараш тавсия этилади.
Хато № 8. Жингалак шакл бериш воситаларидан тез-тез фойдаланиб туриш Қуритгич, дазмол ва шу каби бошқа воситалар сочдаги намликни буғ тарзида чиқариб, натижада қуруқ ва синувчан ҳолатга тушириб қўяди. Агар ушбу воситаларидан доимий равишда фойдаланиб туришни истасангиз, иссиқлик таъсиридан ҳимоя қилувчи спрей ва гелларни сочларнинг узунлиги бўйлаб сепиш ёки суртишингиз лозим.
Хато № 9. Соч қуритгич (фен)дан нотўғри фойдаланиш Аввал сочлар сочиқлар, сўнг эса фен ёрамида учидан то соч илдизларига қадар қуритилади. Бу усул сочларнинг тўкилмаслиги учун яхши самара беради. Фендан белгиланган охирги баланд даражадаги ҳароратгача фойдаланиб ишлатиш мумкин. Аммо сочларнинг қуриб, куйиш ҳолатига етмаслиги учун бир оз пастроқ ҳароратда қуритиш тавсия этилади. Ушбу жараённи совуқ ҳарорат билан якунлайсиз.
Хато № 10. Нотўғри озиқлантириш Овқатланиш рационалига амал қилмаслик оқибатида организмда витаминлар етишмаслиги юзага келади. Бу эса бевосита сочларнинг кўриниши ва саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис сиз кундалик овқатингизда оқсилларнинг қай даражада мавжуд эканлигига аҳамият қаратишингиз лозим. Масалан, таомномангизда тухум, гулкарам, жўхори, авакадо, оливкаларни учратиш мумкин бўлган таомларнинг бўлиши мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, еяётган таомингизда калций ва темир моддаларининг бўлишига аҳамият қаратинг. Бу моддалар дон маҳсулотлари, шунингдек, балиқ, парранда гўшти, жигар, буғдой, гречка ва ёнқоқ таркибида учрайди.
Хато № 11. Соғлигимиз ҳақида қайғурмаймиз... Сочларнинг тўкилиши ва сийраклашуви ошқозон ичак касалликлари, стресс, диабет ва гармонал ўзгаришлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу борада яхшиси махсус мутахассисга учраб, уларнинг керакли маслаҳатларига амал қилган маъқул.
Хато № 12. Бош кийимлар ҳақида унутиб қўямиз Кепка ёки шляпалар сочларни қуёшдан, иссиқ шапкалар эса совуқдан ҳимоя қилади. Сауна учун фойдаланиладиган махсус қалпоқлар эса сочларингизни қайноқ буғнинг зарарли таъсирларидан ҳимоя қилади.
Хато № 13. Тароқларни ювиб туриш керак Тароқларни ҳеч бўлмаганда ҳафтасига бир маротаба ювиб туриш шарт. Шунингдек, эски тароқларни янгисига алмаштириб туриш ҳам фойдадан ҳоли эмас.
Хато № 14. Камдан кам ҳолларда сочлар кесамиз Сочларнинг гуллаган учларини тез-тез кесиб туриш унинг саломатлиги ва ўсиши учун фойдалидир. Ўсиш жараёнида эса ҳеч бўлмаганда икки ойда бир маротаба учларини текислаб туриш фойдалидир.
Хато № 15. Ёйилган сочлар билан ухлаймиз Тонгда уйқудан турганингизда тўзиб, пахмоқ бўлиб қолмаслиги учун яхшиси сочларингизни тунда ўриб ётганингиз маъқул. Шунда сиз кўринишингизни тез фурсатда тартибга келтира оласиз. | |
| |
Просмотров: 1362 | |