Қўл терлаши сабаблари
Қўлнинг терлаши эркакларни кўп ҳолларда ноқулай ҳолга солиб қўяди. Бу кучли жинс вакиллари руҳиятига салбий таъсир кўрсатади албатта. Доимий стресс, ўзига ишончсизлик, имкониятларига паст баҳо билан қараш каби омиллар оила бошлиқлари бўлмиш эркакларнинг касбий муваффақиятга эришишларига ҳам тўсқинлик қилиши мумкин. Бундай одамлар бошқалар билан қўл бериб кўришишдан қочишади. Бу эса ўзгалар билан иш ва бошқа масалалар юзасидан бўлиб ўтувчи учрашувларнинг самимият, ишонч ва ишчанлик руҳида ўтишига халал бермасдан қолмайди. Шу билан бирга, айрим кишилар қўли терлайдиган одам билан бир марта кўришганидан сўнг бошқа у билан саломлашмасликка ҳам ҳаракат қилади. Хўш, бундай вазиятда кафти доимо нам бўлиб юрувчилар қандай йўл тутишлари лозим? Бунинг сабаблари қандай ва оқибатларини қай тарзда бартараф этиш мумкин? Умумий маълумот Аввало айтиш керакки, инсон организмида тахминан 2-5 миллион дона тер ажратувчи безлар бўлиб, уларнинг энг катта қисми қўл ва оёқ кафтлари (товон)да жойлашган. Тер ажралиб чиқиш жараёни организм учун жуда муҳим ҳисобланади. Жумладан, мазкур жараён орқали организмдан ортиқча иссиқлик энергияси ҳамда зарарли моддалар чиқариб юборилади. Бироқ айрим инсонларда тер ажралиб чиқиши меъёри бузилган бўлиб, бу уларга кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Тиббиётда тер чиқишининг меъёридан ортиши гипергидроз деб номланади. Гипергидроз умумий ёки локаллашган бўлиши мумкин. Умумий гипергидроз кучли руҳий зўриқиш, жисмоний машғулотлар ва иссиқ шароитда кузатилиши одатий ҳол ҳисобланади. Шунингдек, организм кучсизланганида, турли касалликларга чалинганда ҳам гипергидроз рўй беради. Локаллашган гипергидроз эса асосан қўл ва оёқ кафтларининг терлашида кўзга ташланади. Қўл терлаши сабаблари Бунинг сабаби аввало физиологик омилларга бориб тақалиши мумкин. Энг кўп ҳолларда қон-томир дистонияси, буйрак усти безларининг интенсив ишлаши ҳамда қалқонсимон безлар фаолиятининг бузилиши натижаси бўлади. Шу сабабдан ҳам кучли кафт терлашига дучор бўлганлар зудлик билан терапевт, невропотолог ёки эндокринолог кўригидан ўтишлари ва гипергидроз сабабларини аниқлаштириб, тегишли чораларни кўришлари шарт. Организм соғлом бўлган ҳолда кафтларнинг терлаши эса асосан турли стресс, асабий вазиятда организмда кўп миқдорда адреналин ишлаб чиқарилиши билан боғлиқ. Даволаш чоралари Психотерапевтларнинг қайд этишларича, қўл терлашидан даволаниш ташқи таъсиру воситалар орқали амалга оширилиши қийин. Бунинг учун аввало инсон руҳиятини даволаш талаб этилади. Агарда инсон қўрқув ва ҳаяжонини ўз вақтида жиловлай олса, кафтлар терлашидан халос бўла олади. Шифокорлар эса кафтлар терлашига қарши турли дори воситаларини тавсия этадилар… Масалан, формалин ёки танин эритмаси, алюмин гексахлорид ёки глутаралдегид сингари препаратларни ёзиб беришлари мумкин. Бироқ унутмаслик керакки, бундай воситалар қўл терлашини вақтинчага тўхтатиши, қисман камайтиради. Акс таъсир кўрсатганда кафтларда турли аллергик асоратларни келтириб чиқаради ҳам. Сўнгги вақтларда шифохоналарда мазкур муаммога қарши жарроҳлик амалиётлари ҳам ўтказилмоқда. Масалан, симпатектомия ёки тер безларига борувчи симпатик асаб толаларини кесиш амалиёти мавжуд. 95 фоиз ҳолатда бу ижобий самара беради. Бироқ айрим беморларда бу тананинг бошқа аъзолари терлашини ошириб юбориши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Шунингдек, айрим мамлакатларда ботокс дори воситаси ёрдамида кафт терлашига қарши курашилмоқда. Организмга игна орқали юборилувчи мазкур препарат кафт терисидаги тер безларига бораётган асаб импулслари тартибини бузиб юборади. Натижада тер ажралиб чиқиши тўхтайди. Битта ботокс инъ’эксияси олти ойгача таъсир кўрсатиши мумкин. Шундан сўнг кафт терлаши яна давом этади. Халқ табобати Халқ табобатида ҳам қўлнинг терлашига қарши турли чоралар мавжуд. Масалан, кунига икки маҳал қўлларни сирка эритмаси билан ювиш ёки лимон шарбати суртиш фойда беради. Шунингдек, эман дарахти пўстлоғи, марварак (шалфей), календула, қончўп (чистотел) ва бошқа доривор гиёҳлар дамламасидан фойдаланиш мумкин. Олма сиркаси, аччиқтош, салитсил кислотаси ёки камфорали спирт ҳам қўл терлашидан ёрдам беради. Айрим фойдали тавсиялар Қўлларни тез-тез ювинг ва сочиқ билан яхшилаб артинг. Қўл учун мўлжалланган спиртли антисептик воситаларни доимо ўзингиз билан олиб юринг, ёнингизда рўмолча ва қуруқ салфеткалар бўлсин. Терлашга олиб келадиган буюмларни қўлингизда кўтариб юрманг, кафт терисига ҳаво ўтказмайдиган қўлқоп ва бошқалардан заруратсиз фойдаланманг. Муҳим учрашувлардан олдин асабларингизни тинчлантириб олинг. Бунинг учун қўл терлашига асосан асабийлашиш сабаб бўлиши ҳақида ўйланг, кўзларингизни юмиб, уч-тўрт маротаба чуқур нафас олинг. | |
| |
Просмотров: 1118 | | |